Ҳуқуқий ахборот портали

Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш оралиқ ва якуний назорат турларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Талабаларнинг билимини баҳолаш мезонлари

Талабаларнинг билими қуйидаги мезонлар асосида:

  • талаба мустақил хулоса ва қарор қабул қилади, ижодий фикрлай олади, мустақил мушоҳада юритади, олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда — 5 (аъло) баҳо;
  • талаба мустақил мушоҳада юритади, олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг (мавзунинг) моҳиятни тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда — 4 (яхши) баҳо;
  • талаба олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг (мавзунинг) моҳиятни тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда — 3 (қониқарли) баҳо;
  • талаба фан дастурини ўзлаштирмаган, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушунмайди ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга эмас деб топилганда — 2 (қониқарсиз) баҳо билан баҳоланади.

Талабалар билимини баҳолаш 5 баҳолик тизимда амалга оширилади.

Талаба узрли сабабларга кўра оралиқ ва (ёки) якуний назорат турига кирмаган тақдирда ушбу талабага тегишли назорат турини қайта топширишга факультет деканининг фармойиши асосида рухсат берилади.

Оралиқ назорат

Оралиқ назорат семестр давомида ишчи фан дастурининг тегишли бўлими тугагандан кейин талабанинг билим ва амалий кўникмаларини баҳолаш мақсадида ўқув машғулотлари давомида ўтказилади.

Оралиқ назорат тури ҳар бир фан бўйича фаннинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда 2 мартагача ўтказилиши мумкин.

Семестр давомида ҳафтасига 2 академик соатдан (тиббиёт олий таълим муассасаларида 4 академик соатдан) кам бўлган фанлар бўйича оралиқ назорат тури ўтказилмайди.

Талабани оралиқ назорат тури бўйича баҳолашда, унинг ўқув машғулотлари давомида олган баҳолари инобатга олинади.

Оралиқ назорат тури бўйича талабанинг билимини баҳолаш ўқув машғулотларини олиб борган профессор-ўқитувчи томонидан амалга оширилади.

Тегишли ўқув йили якуни бўйича фанлар бўйича «3» (қониқарли) ёки «4» (яхши) ёхуд «5» (аъло) баҳо билан баҳоланган талаба кейинги курсга ўтказилади.

Якуний назорат

Талаба тегишли фан бўйича якуний назорат тури ўтказиладиган муддатга қадар оралиқ назорат турини топширган бўлишлари шарт.

Оралиқ назорат турини топширмаган, шунингдек ушбу назорат тури бўйича «2» (қониқарсиз) баҳо билан баҳоланган талаба якуний назорат турига киритилмайди.

Якуний назорат турини ўтказиш ва мазкур назорат тури бўйича талабанинг билимини баҳолаш ўқув машғулотларини олиб бормаган профессор-ўқитувчи томонидан амалга оширилади.

Тегишли фан бўйича ўқув машғулотларини олиб борган профессор-ўқитувчи якуний назорат турини ўтказишда иштирок этиши тақиқланади.

Якуний назорат турига кирмаган ёки киритилмаган, шунингдек ушбу назорат тури бўйича «2» (қониқарсиз) баҳо билан баҳоланган талаба академик қарздор ҳисобланади.

Бир кунда 1 тадан ортиқ фан бўйича якуний назорат тури ўтказилишига йўл қўйилмайди. Якуний назорат турларини ўтказиш камида 2 кун оралиғида белгиланиши лозим.

Академик қарздорликни топшириш муддатлари

3 тагача фандан академик қарздорлиги бўлган битирувчи курс бўлмаган талабаларга 1 ой муддат берилади.

Бунда баҳорги семестр натижалари академик қарздор талаба тегишли фан (фанлар) бўйича оралиқ ва (ёки) якуний назорат турларини янги ўқув йили бошида топширади.

Битирувчи курс талабаларига баҳорги семестр натижалари бўйича ўзлаштирмаган фандан (фанлардан) қайта топшириш учун якуний давлат аттестацияси бошлангунга қадар рухсат берилади.

Талабага оралиқ ва (ёки) якуний назорат турини қайта топшириш учун берилган муддат давомида талаба томонидан қайта топширишлар сони 2 мартадан кўп бўлмаслиги керак.

Иккинчи марта оралиқ ва (ёки) якуний назорат тури бўйича талабани баҳолаш махсус комиссия томонидан амалга оширилади.

Берилган муддат давомида мавжуд бўлган қарздорликни топшира олмаган талаба курсдан қолдирилади.

Фанлардан академик қарздорлиги 4 та ва ундан кўп бўлган талабаларга қайта топширишга рухсат берилмайди ва улар курсдан қолдирилади.

Курсда қолдирилган талаба фанни ўзлаштирмаган семестр бошидан тўлов-контракт асосида ўқишни давом эттиради.

Баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш

Баҳолаш натижасидан норози бўлган талабалар факультет декани томонидан ташкил этиладиган Апелляция комиссиясига апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Апелляция комиссияси таркибига талабани баҳолашда иштирок этмаган тегишли фан профессор-ўқитувчилари орасидан комиссия раиси ва камида тўрт нафар аъзо киритилади.

Талаба баҳолаш натижасидан норози бўлган тақдирда, баҳолаш натижаси эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида апелляция бериши мумкин. Талаба томонидан берилган апелляция Апелляция комиссияси томонидан 2 кун ичида кўриб чиқилиши лозим.

Талабанинг апелляциясини кўриб чиқишда талаба иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Апелляция комиссияси талабанинг апелляциясини кўриб чиқиб, унинг натижаси бўйича тегишли қарор қабул қилади. Қарорда талабанинг тегишли фанни ўзлаштиргани ёки ўзлаштира олмагани кўрсатилади.

Chat