Ҳуқуқий ахборот портали

Талабаларга академик таътил қуйидаги ҳолларда берилиши мумкин:

  • ҳарбий хизматни ўташ учун;
  • саломатлигини тиклаш учун;
  • ҳомиладорлик ва туғиш учун;
  • болаларни парвариш қилиш учун.

Академик таътил беришга асос бўлувчи оид касалликлар рўйхати
  1. Сил касаллигининг фаол ва асоратланган шакллари.
  2. Сурункали кечувчи ўпканинг носпецифик касалликлари билан боғлиқ юрак-ўпка фаолиятлари етишмовчилиги (III даража).
  3. II ва III даражали сурункали қон айланиши бузилиши (Нью-Йорк классификатори бўйича III ва IV даража) билан кечувчи юрак клапанлари ва мушакларининг органик ўзгаришлари.
  4. II ва III даражали қон босимининг ошиши, тез ривожланувчи қон босим ошиши (хавфли гипертония).
  5. Ҳаёт учун хавфли юрак ритми ва ўтказувчанликнинг бузилиши билан кечувчи ҳолатлар (МАС синдроми, АВ қамал II-III даражаси, синус тугуни заифлиги синдроми, юрак қисқариш сони кундузи бир минутда 50 ва ундан паст бўлса, номуқим гемодинамика билан кечувчи пароксизмал тахикардиялар (САБ 90 мм симоб устунидан паст ҳолат).
  6. Барча босқичдаги хавфли ўсма касалликлари (2 йил олдин радикал даволанганлар бундан мустасно).
  7. Турғун буйрак етишмовчилиги билан кечувчи буйрак ва бошқа аъзолар касалликлари.
  8. Стационар шароитида даволаниш талаб этиладиган ошқозон-ичак тизими яра ва яллиғланиш касалликларининг ўткир даври.
  9. Оғир ва қўшма травматик шикастланишлар.
  10. Стационар шароитида бир ой муддатдан ортиқ даволаниш ва реабилитация қилиш зарур бўлган турли этиологиялик жигар касалликлари ва сурункали панкреатит (сурункали гепатитлар, жигар циррози).
  11. Эндокрин касалликларининг оғир шакли (акромегалия, диффуз токсик буқоқ, буйрак ости безининг етишмовчилиги, гипотериоз, қандли диабет касаллигининг биринчи тури, Иценко-Кушинг касаллиги).
  12. Қон тизими касалликлари: а) ўткир ва сурункали лейкозлар; б) Идиопатик тромбоцитопеник пурпура; в) апластик анемия.
  13. Асаб системаси сурункали органик касалликларининг асоратлари натижасида ақл заковатнинг чуқур ва турғун бузилиши ҳамда психопатик бузилишлар.
  14. Шизофрения барча турларининг хуруж даври.
  15. Тез-тез такрорланувчи тутқаноқли, тутқаноқсиз ва психоматор хуружлари билан, шунингдек ҳушнинг хиралашуви ва оғир дисфория билан кечувчи эпилепсия;
  16. Тез-тез хуружланувчи циклотимия, маниакал депрессив психоз ва тез-тез такрорланувчи маниакал депрессив ҳолатлар.
  17. Психопатиянинг тез-тез декомпенсацияланиши билан кечувчи турлари.
  18. Оғир, сурункали кечувчи тери касалликлари: а) асоратланган псориаз; б) пурсилдоқ яра; в) Лайелл синдроми; г) Стивенс-Жонсон синдроми.
  19. Захмнинг юқумли босқичи.
  20. Трахоманинг I, II, III даражалари.
  21. Гиёҳвандлик, токсикоманиянинг барча турлари (тамакига тобелик бундан мустасно).
  22. Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС/ОИВ).

Талабаларга ўқиш давомида икки марта, истисно тариқасида, тиббиёт таълим муассасалари талабаларига уч мартагача академик таътил берилиши мумкин.

Биринчи курс талабаларига академик таътил, истисно тариқасида, фақат уларнинг касаллиги туфайли берилиши мумкин.

Талабага академик таътил берилиши уни таълим муассасасидан четлаштириш деб ҳисобланмайди.

Талабаларга академик таътил даврида стипендиялар тўланмайди.

Академик таътил муддати

Академик таътил ўқув йилининг ҳар қандай қисмида, қуйидаги муддатларга берилади:

  • ҳарбий хизматни ўташ учун — қонун ҳужжатларида белгиланган ҳарбий хизматни ўташ муддатига;
  • саломатлигини тиклаш учун — 12 ой муддатга;
  • ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш учун — қонун ҳужжатларида белгиланган ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш таътиллари муддатига.

Академик таътил олиш тартиби

Академик таътил олиш учун талаба таълим муассасаси ректори номига ариза билан мурожаат қилади.

Саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш учун академик таътил олишни сўраб мурожаат қилган талабанинг аризасига тиббиёт муассасаси комиссиясининг хулосаси, ҳарбий хизматни ўташ учун академик таътил олишни сўраб мурожаат қилган талабанинг аризасига талабани ҳарбий хизматга чақириш ҳақидаги чақирув қоғози илова қилиниши лозим.

Талаба сурункали касаллиги сабабли бир ойдан ортиқ вақт давомида дарсларда қатнаша олмаса, унинг аризасига асосан академик таътил берилиши мумкин. Бунда, академик таътил муддати ўтишининг бошланиши талаба дарсларда қатнаша олмаётган кундан бошлаб ҳисобланади.

Талабанинг академик таътил олиш ҳақидаги мурожаати 1 ҳафтада кўриб чиқилади.

Академик таътил бериш ҳақидаги буйруқда академик таътилнинг бошланиш ва тугаш санаси кўрсатилиши шарт.

Саломатлигини тиклаш учун академик таътилда бўлган талабаларда ҳомиладорлик ва туғиш ҳоллари юзага келган тақдирда, академик таътилнинг муддати ҳомиладорлик ва туғиш учун белгиланган академик таътилнинг муддатига узайтирилади.

Талаба академик таътилга чиққан кундан бошлаб 1 ой ўтмаган бўлса, академик таътилни бекор қилиш ва ўқишга қайтишни сўраб таълим муассасасига ариза билан мурожаат этишга ҳақли.

Академик таътилдан қайтиш тартиби

Академик таътилнинг муддати тамом бўлгандан сўнг ўқишга қайтиш бўйича таълим муассасасининг ректори номига ариза билан мурожаат қилиши керак.

Агар, академик таътил даврида талаба ўқиган таълим йўналиши (мутахассислиги) тугатилган бўлса, талабани шу таълим муассасасида ёки бошқа таълим муассасасига ўқишини кўчириш масаласи ҳам ариза билан бирга кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши лозим.

Ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш учун академик таътилда бўлган талабалар академик таътил бошланган санадан бошлаб 12 ой муддат ўтгандан сўнг ўқишга қайтиши мумкин.

Академик таътилдан қайтиш бўйича талабанинг мурожаати бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилиши ва унинг таълим муассасасига ўқишга қайтиши тўғрисида буйруқ чиқарилиши лозим.

Ушбу буйруқда талаба ўқийдиган ўқув курси ва гуруҳи кўрсатилиши шарт.

Академик таътил муддати тугагандан сўнг ўқишга қайтмаган ва натижада бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирган талаба таълим муассасасидан четлаштирилади.