Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Олий таълим муассасалари талабалари ўқишни мос ва турдош таълим йўналишларига кўчириши ёки қайта тиклаши мумкин.

Давлат олий таълим муассасаларида ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш жараёни бепул амалга оширилади.

Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш ва қайта тиклашда олий таълимнинг мос ва турдош таълим йўналишларини белгилаш қуйидаги мезонларга асосланади:

таълим йўналишларининг номланиши бир хил бўлганда бундай таълим йўналишлари  мос деб ҳисобланади;

ўқишга киришда синов ўтказиладиган фанлари таркиби ва таълим соҳаси ҳамда ўқиш муддати бир хил бўлганда бундай таълим йўналишлари турдош деб ҳисобланади.

Ваколатли ташкилотлар

Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш қуйидагилар қарорлари асосида амалга оширилади:

  • олий таълим муассасалари;
  • тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар;

Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссияси.

Ректор буйруғи асосида кўчириш ва қайта тиклаш

Бир олий таълим муассасаси доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш (бунда талабалар сафидан четлаштирилганлигига 5 йилдан ошмаган бўлиши керак) шу олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи асосида амалга оширилади.

Вазирлик қарори асосида кўчириш ва қайта тиклаш

Қуйидаги ҳолларда ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш олий таълим муассасаси бўйсунадиган вазирлик (идора) қарори асосида амалга оширилади:

  • олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича бир вазирлик (идора) доирасида бошқа олий таълим муассасасига;
  • олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича турли вазирлик (идора) доирасида бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига;
  • талабалар сафидан четлаштирилганлигига 5 йилдан 10 йилгача муддат ўтганда.

Идоралараро комиссия қарори асосида кўчириш ва қайта тиклаш

Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Идоралараро комиссия қарори билан амалга оширилади:

  • хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон олий таълим муассасаларига;
  • талабалар сафидан четлаштирилганлигига 10 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса;
  • бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик (идора) ва турли вазирликлар (идоралар) тасарруфидаги олий таълим муассасаларига олий таълимнинг турдош бўлмаган йўналишларига (мутахассисликларига).

Ўқишни кўчириш ва қайта тиклашни рад этиш

Қуйидаги ҳолатлар ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш ҳақидаги аризасига рад жавоби берилишига асос бўлади:

  • хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган олий таълим муассасаларида ёки уларнинг филиалларида ўқиганларга;
  • республика олий таълим муассасаларидаги мавжуд таълим шаклидан ўзга (бошқа) таълим шаклида ўқиганларга;
  • олий таълим муассасаларининг марказлари, бўлимлари, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқаларда ўқиганларга;
  • биринчи курснинг биринчи семестрига биринчи семестр тугалланмаган ҳолатда (талабага касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар бундан истисно);
  • олий таълим муассасасида мос (турдош) таълим йўналиши ёки таълим шакли мавжуд бўлмаса;
  • намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошганда;
  • тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширмаганда;
  • талабанинг шахсий йиғма жилди (академик маълумотнома) белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;
  • олий таълим муассасасига давлат гранти асосида кўчириш ва қайта тиклашда давлат гранти асосида таълим олувчилар сони (қабул квоталари) доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаса.

Ўқишни кўчириш бўйича аризаларни кўриб чиқиш

Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини кўчириш бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш қуйидагича амалга оширилади:

  • ўқишини кўчириш бўйича аризаларни тақдим этиш — ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар амалга оширилади;
  • аризаларни олий таълим муассасаси, тегишли вазирлик (идора) ёки Идоралараро комиссия томонидан кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар амалга оширилади.

Талабалар ўқишини кўчириш қуйидаги сабаблар бўлганда баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин:

  • бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан кўчиб ўтганда;
  • турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда;
  • ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда.

 Бунда:

  • ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар;
  • ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.

Ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқаро қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • ариза;
  • талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари;
  • паспортнинг нусхаси.

Давлат грантлари асосида таҳсил олаётган талаба, ўқиши кўчирилаётган олий ўқув юртида белгиланган давлат грантлари квотаси доирасидаги бўш ўринга давлат гранти асосида кўчирилади. Давлат гранти бўйича бўш жой бўлмаса, талаба ўз аризасига кўра тўлов-контракт асосида кўчирилади.

Бошқа барча ҳолларда ўқишни кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Ўқув режалардаги фанлари бўйича фарқлар аниқланганда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади.

Академик қарздорлик (фарқлар) бартараф этилган муддатдан бошлаб талабага стипендия тўланади.

Юридик шахс билан тузилган тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар ўқишини кўчиришда ушбу юридик шахснинг розилиги талаб этилади.

Ўқишга қайта тиклаш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш

Ўқишни қайта тиклаш бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш бир йилда икки марта амалга оширилади:

  • ўқишини кузги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар;
  • ўқишини баҳорги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар давом этади.
  • Қайта тиклаш бўйича қарор қабул қилиш:
  • кузги семестрга қайта тиклаш учун — ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар;
  • баҳорги семестрга қайта тиклаш учун — ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.

Талабалар сафидан четлаштирилган фуқаролар ўқишини бошқа олий таълим муассасасига мос (турдош) таълим йўналиши (мутахассислиги)га кўчириб тиклаш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга. Бунда аризага ўқишни кўчириш тартибидаги ҳужжатлар тақдим этилади.

Барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Давлат грантлари бўйича таълим олган етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлар, шунингдек муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, академик таътилдан белгиланган муддатда қайтган шахслар истисно тариқасида, ўқишга давлат грантлари ўринларига қайта тикланиши мумкин.

Ўқишдан четлаштирилган (курсдан қолдирилган) ўқув йилида курсига талабани ўқишга қайта тиклашга (кўчириб тиклашга) йўл қўйилмайди.

Талабани бошқа олий таълим муассасасига ўқишини кўчириб қайта тиклашда унинг илгари таълим олган олий таълим муассасаси розилиги талаб этилмайди.

Талабаларни ўқишдан четлатиш

Талаба олий таълим муассасасидан қуйидаги ҳолларда четлаштирилиши мумкин:

  • ўз хоҳишига биноан;
  • ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;
  • саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
  • ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;
  • бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;
  • ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);
  • талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;
  • вафот этганлиги сабабли.

Белгиланган муддатларда фанларни ўзлаштира олмаган (академик қарздор бўлган) талаба олий таълим муассасаси ректори буйруғи билан курсдан қолдирилади.

Академик қарздорлиги туфайли курсдан қолдирилган талаба тўлов-контракт асосида ўқишини қуйи курсдаги ўқув семестри бошидан бошлаши мумкин.

Chat