Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Мактаб битирувчилари учун умумий ўрта таълим дастурларини тўлиқ ўзлаштиргандан кейин якуний аттестациядан ўтиш мажбурийдир.

Мактаб битирувчиларининг билими, малака ва кўникмаларига қўйилган талабларнинг бажарилиши бўйича якуний аттестация ёзма, оғзаки ёки тест усулида ҳар бир фаннинг амалдаги ўқув дастури асосида ўқув йилининг якуни бўйича ўтказилади.

Таълим дастурларини давлат таълим стандартлари талаблари даражасида ўзлаштирган ва ўқув фанларидан йил якуни бўйича ижобий баҳоланган, ёки битта ўқув фанидан қониқарсиз баҳоланган (ушбу фан бўйича якуний аттестациядан ўтиш шарти билан) битирувчилар мактаб педагогик кенгаши қарорига асосан якуний аттестацияга қўйиладилар.

Битирувчи синфларда якуний аттестация ўтказиладиган фанлар рўйхати, шакли ва муддатлари ҳар ўқув йилида Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида педагогик кенгашнинг қарори билан тегишли фандан қўшимча якуний аттестация киритилиши мумкин.

Якуний аттестацияни ташкил этиш тартиби

Мактаб битирувчиларининг якуний аттестациясини шу мактаб педагогик кенгаши томонидан тасдиқланган якуний аттестация комиссияси мувофиқлаштиради.

Якуний аттестация ўтказиладиган ҳар бир фандан мактаб директорининг буйруғи билан якуний давлат аттестация комиссияси қуйидаги таркибда тайинланади:

  • ўқув фани бўйича якуний аттестация комиссияси раиси — мактаб директори, унинг ўринбосари ёки мактаб ўқитувчиси;
  • синфда мазкур фандан дарс берган ўқитувчи;
  • тегишли фан ёки унга яқин бўлган фан ўқитувчисидан битта ассистент;

Тегишли фан бўйича якуний аттестацияни ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича жавобгарлик мазкур фан бўйича тузилган якуний аттестация комиссияси раиси зиммасига юклатилади.

Якуний аттестация ўтказиладиган фандан дарс берган ўқитувчи шу синфга якуний аттестация комиссиясининг раиси бўлиши мумкин эмас.

Якуний аттестацияни ўтказиш тартиби

Якуний аттестация мактаб директори томонидан тасдиқланган жадвал асосида ўтказилади.

Якуний аттестация жадвалини тузишда қуйидагиларга эътибор берилади:

  • ўқув фанлари бўйича ўтказиладиган якуний аттестация оралиғи икки кундан кам бўлмаслиги керак;
  • жисмоний тарбия фанидан аввал амалий, кейин назарий якуний аттестация ўтказилади.

Барча мактабларда якуний аттестация эрталаб соат 8.00 дан бошланади.

Оғзаки якуний аттестациядан ўтишда битирувчиларнинг сони 20 нафардан ортиқ бўлса, якуний аттестация икки гуруҳда кетма-кет бир кунда ўтказилиши мумкин.

Битирувчиларга она тилидан баён ёзиш учун 3 астрономик соат (иншо ёзиш учун 4 астрономик соат), математикадан ёзма иш учун 3 астрономик соат, тест-синов топшириқлари берилиши кўзда тутилган бўлса, уларни бажаришга ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича ҳар бир тест саволи учун 2 дақиқа, аниқ фанлар бўйича ҳар бир тест саволи учун 3 дақиқа вақт ажратилади.

Битирувчиларга оғзаки якуний аттестацияда олган топшириқлари бўйича тайёрланиш учун 15—20 дақиқа вақт берилади.

Аттестацияда белгиланган тартибни бузиш оқибатлари

Битирувчи оғзаки ёки ёзма якуний аттестацияни топшириш жараёнида белгиланган тартибни бузган тақдирда, у якуний аттестацияни давом эттириш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Битирувчи якуний аттестацияни давом эттириш ҳуқуқидан маҳрум қилинганда якуний аттестация комиссияси томонидан бу ҳақда якуний аттестация баённомасига ёзиб қўйилади.

Мактаб педагогик кенгашининг қарори асосида унга якуний аттестация тугаган кундан кейин 2 ҳафта ўтгач мазкур фандан қайта якуний аттестациядан ўтишга рухсат берилиши мумкин.

Баҳолаш

Ҳар бир фан бўйича оғзаки ёки ёзма якуний аттестация ўтказилгач, якуний аттестация комиссияси барча битирувчиларга йиллик ва якуний аттестация баҳолари асосида якуний баҳоларни қўядилар. Бунда, битирувчининг йиллик ва якуний аттестация баҳосининг ўртачаси олиниб яхлитланади. Якуний аттестацияда «қониқарсиз» баҳо олган битирувчига «қониқарли» якуний баҳо қўйилмайди.

Битирувчига якуний баҳони қўйишда унинг аввалги синфларда олган баҳолари ҳам инобатга олинади.

Аттестациясидан озод этиш

Фанларни ижобий ўзлаштираётган битирувчилар якуний аттестациядан халқ таълими этиш туман (шаҳар) бўлимлари буйруқлари асосида қуйидаги ҳолларда озод этиладилар:

халқаро ва республика миқёсида ўтказиладиган фан олимпиадаларида, спорт мусобақаларида, турли кўрик-танловларида битирувчиларнинг иштироки бевосита якуний аттестация даврига тўғри келса; Бунда битирувчи шу кунлардаги якуний аттестациядан озод этилади.

касалликларга асосан (3-жадвал).

Якуний давлат аттестациясидан озод бўлиш ҳуқуқини берувчи касалликлар рўйхати

 

Т/р

Касалликнинг номи

1.

Тиф (терлама) ва паратиф

2.

Ботулизм

3.

Сил касаллиги (ўпкада ва бошқа аъзоларда тез ривожланиб борувчи)

4.

Бруцеллёз

5.

Менингококли инфекция

6.

Полиомелит (жиддий асоратлари қолган тақдирда)

7.

Марказий нерв системасининг яллиғланиш касалликлари (вирусли менингит)

8.

Ўткир гепатит А, Е

9.

Ўткир гепатит В, С, D

10.

Сурункали вирусли гепатитлар (оғир турлари)

11.

Одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) келтириб чиқарадиган касалликлар (3-4-клиник босқичи)

12.

Хавфли ўсмалар

13.

Камқонлик

Қон ва қон яратувчи органлар касалликлари:

гемофилия (ўртача ва оғир шакли);

турлича бўлган анемияларнинг оғир шакли;

орттирилган камқонликлар;

капилляротоксикоз;

идиопатик тромбоцитопеник пурпура;

тромбоцитопатия (оғир турлари);

Виллибранд касаллиги ва бошқа гемостаз бузилиши билан боғлиқ касалликлар;

ўткир ва сурункали лейкозларнинг ҳамма турлари;

наслий гемолитик камқонликларнинг ҳамма турлари

14.

Қандли диабет

15.

Қандсиз диабет

16.

Тиреотоксикоз (ўртача ва оғир даражаси)

17.

Қалқонсимон без касалликлари, гипотиреоз (оғир даражаси)

18.

Гиперпаратиреоз ва қалқонсимон олди безнинг бошқа бузилишлари (оғир даражаси)

19.

Органик, симптоматик бузилишларни қамраб олган руҳий касалликлар

20.

Шизофрения ва келиб чиқиши турлича бўлган ўткир руҳий касалликлар

21.

Стресс асоратлари ва неврологик бузилишлар: неврозлар, неврозсифат ҳолатлар, реактив ҳолатларнинг ўткир ва руҳий мувозанати бузилган даври, қаттиқ дудуқланиш

22.

Бош миянинг шикастланишлари

23.

Эпилепсия. Эпилептик статус

24.

Вегетатив нерв системаси бузилишлари: ангиоспазм, қон томирлар фаолияти танглиги, ҳушдан кетиш ва бошқа оғир кўринишлари билан кечадиган яққол вегетатив бузилишларнинг шакллари

25.

Рефракция ва аккомодациянинг бузилишлари. Кўз тубида дистрофик ўзгаришлар юз бериши билан тез ривожланиб борувчи кўриш ожизлиги

26.

Тўр (томирли) парда касалликлари

27.

Кўриш нерви ва кўриш йўллари касалликлари

28.

Глаукома

29.

Ўткир ревматоид иситма

30.

Қон босими ошиши билан характерланувчи касалликлар

31.

Юрак сурункали ревматик касалликлари

32.

Қон айланиш системаси туғма аномалиялари (ривожланиш нуқсонлари)

33.

Бошқа сурункали обструктив ўпка касалликлари

34.

Астма

35.

Бронхоэктатик касаллик

36.

Ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси

37.

Кўричак (операциядан сўнг)

38.

Чурра (операциядан сўнг)

39.

Паралитик илеус ва чуррасиз ичак тутилиши

40.

Крон касаллиги

41.

Ўткир диффузли гломерулонефрит

42.

Сурункали нефритлар

43.

Сийдикда жиддий ўзгаришлар билан қайталаб турадиган пиелонефрит (буйраклар фаолиятининг сақланиши)

44.

Сийдикда жиддий ўзгаришлар билан қайталаб турадиган пиелонефрит (буйраклар функциясининг бузилиши)

45.

Экзема (ёйилиб кетганда) ва нейродерматит (яққол кўриниб турганда)

46.

Туғма ихтиоз

47.

Бошқа эритематоз ҳолатлар

48.

Бириктирувчи тўқима система шикастланишлари

49.

Яллиғланиш полиартропатиялари

50.

Тирсак ва билак-кафт усти жароҳатлари

51.

Билак-кафт усти ва қўл панжаси жароҳатлари

52.

Тизза ва болдир жароҳатлари

53.

Ошиқ-болдир бўғими ва оёқ кафти соҳаси жароҳатлари

54.

Бош суяги, умуртқа ва бел суягининг синиши

55.

Болаларнинг юқумли касалликлари

Якуний аттестация даврида касал бўлган ва якуний аттестация жараёни тугашигача тузалиб келган битирувчилар мактаб директорининг буйруғига кўра қолдирилган фанлардан якуний аттестация тугагандан сўнг икки ҳафта ўтгач якуний аттестациядан ўтадилар.

Муддатдан олдин аттестациядан ўтказиш

Битирувчиларнинг яшаш жойи ўзгариши (хорижга чиқиш) муносабати билан шу ҳолатни тасдиқловчи расмий ҳужжатлари бўлса, (бу ҳолат март-апрель-май ойларида юзага келса) бундай битирувчиларга якуний аттестациядан муддатидан илгари ўтишларига халқ таълими бошқармалари буйруғи билан рухсат берилади.

Бундай ҳолларда якуний аттестация ва синовлар мактаб директори тузган муваққат якуний аттестация комиссияси томонидан ва у тасдиқлаган жадвал асосида ўтказилади.

Chat