Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Ўқувчиларнинг билим савияси ва ўзлаштириш даражаси қуйидаги назорат турларини ўтказиш орқали баҳоланади:

  • жорий назорат — сўровлар, назорат ишлари ёки тестлар тарзида ўқувчиларнинг билимлари, кўникма ва малакалари мунтазам назорат қилинади;
  • оралиқ назорат — чорак тамом бўлганда ва ўқув дастурининг тегишли бўлими тугаллангандан кейин ўқувчиларнинг билимлари, кўникма ва малакаларини баҳолаш учун амалга оширилади. У ёзма назорат иши ёки тестлар шаклида ўтказилади. Ушбу назоратда фойдаланиладиган материаллар ўқув фани ўқитувчиси томонидан тайёрланади.

Ҳар бир назорат тури қандай шаклда ўтказилишидан қатъи назар, беш (5) баллик («5», «4», «3», «2», «1») усулда бутун сонлар ёрдамида баҳоланади.

Ўқувчиларнинг назорат турлари бўйича олган баллари ҳамда чораклик (ярим йиллик) ва йиллик (якуний) баҳолари, шунингдек, йиллик рейтинг кўрсаткич баллари синф журналига қайд этилади.

Ўқувчининг чораклик (ярим йиллик), йиллик (якуний) баҳолари ва йиллик рейтинг кўрсаткич баллари унинг табелида қайд этилади.

Баҳолаш ўқувчини синфдан-синфга ўтказиш учун асос бўлади.

Чораклик ва йиллик баҳо чиқариш

Ҳафтасига 1 соатдан ортиқ ўқитиладиган ўқув фанлари бўйича:

  • чорак давомида жорий ва оралиқ назоратларда олинган баллар асосида чораклик баҳо;
  • чораклик баҳолар ва босқичли назоратда олинган балл асосида йиллик баҳо аниқланади.

Босқичли назорат ўтказилмайдиган ўқув фанлари бўйича йиллик баҳолар чораклик баҳоларга қараб белгиланади.

Ҳафтасига 0,5 ва 1 соат ўқитиладиган ўқув фанлари бўйича:

  • ярим йил давомида жорий ва оралиқ назоратларда олинган баллар асосида ярим йиллик баҳо;
  • ярим йиллик баҳолар ва босқичли назоратда олинган балл асосида йиллик баҳо аниқланади.

Босқичли назорат ўтказилмайдиган ўқув фанлари бўйича йиллик баҳолар ярим йиллик баҳоларга қараб белгиланади.

Якуний баҳо

Битирувчилар учун чораклик (ярим йиллик) баҳолар асосида йиллик баҳо, шунингдек якуний назоратда олинган балл ва йиллик баҳо асосида якуний баҳо аниқланади.

Якуний давлат аттестацияси белгиланмаган ўқув фанлари бўйича йиллик баҳо якуний баҳо ҳисобланади. Якуний баҳолар битирувчига бериладиган умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномага қайд этилади.

Юқори синфга ўтказиш

Юқори синфга ўтказишда босқичли назорат ўтказилади.

Босқичли назорат ўқув йили тамом бўлгандан кейин оғзаки, ёзма имтиҳон ҳамда тест синовлари шаклида амалга оширилади. Унинг асосида рейтинг аниқланади ва ўқувчини навбатдаги синфга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Босқичли назорат материаллари намуналари Халқ таълими вазирлиги томонидан тайёрланади.

Ўқувчини кейинги синфга ўтказиш ижобий баҳо олган тақдирда амалга оширилади. Мактаб педагогика кенгаши қарори билан ўқувчилар қониқарсиз баҳолар билан ҳам синфдан-синфга ўтказилиши мумкин.

Қайта топшириш

Ўқувчи унинг ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахслар йиллик баҳодан норози бўлса, унга мактаб педагогика кенгаши томонидан тузиладиган тегишли фан комиссиясига (ота-оналар ёки улар ўрнини босувчи шахслар иштирокида, агар улар шуни хоҳласалар) имтиҳон топшириш имкони берилади.

Қайта имтиҳон топширишга барча кўчириш синфларида (битирув синфлари бундан мустасно) фақат жорий ўқув йилида ўқитилган фанлар бўйича рухсат берилади.

Chat