Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактаблар Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан минтақадаги жисмоний ва психик ривожланишда имконияти чекланган, махсус шароитларда таълим-тарбия олишга муҳтож болаларнинг мавжуд контингентини биргаликда ўрганиб чиқиш якунлари бўйича вилоят ҳокимлиги ташкил этилади.

Ушбу мактабларни ташкил этиш тегишли ҳудудда охирги 5 йилда 3 ёшдан 16 ёшгача болалар ўртасида тегишли касалликларнинг кўпайганлигини кўрсатадиган расмий статистика маълумотлари билан асосланиши керак.

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактаблар ўқувчилар сони 250 нафардан ошмаслиги керак.

Болаларни иконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабларга юбориш халқ таълими бошқармалари томонидан, халқ таълими бошқармалари ҳузурида ташкил этилган психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасига кўра, ота-оналар розилигига кўра амалга оширилади. Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактаблар билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Мактаб турлари

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактаблар қуйидаги (I—VIII) турларга бўлинади:

I — кар (эшитмайдиган) болалар учун мактаб-интернатлар;

II — заиф эшитадиган ва кейинчалик кар бўлган болалар учун мактаб-интернатлар (1, 2-бўлим);

III — кўзи ожиз (кўр) болалар учун мактаб-интернатлар;

IV — заиф кўрадиган ва кейинчалик кўр бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;

V — нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;

VI — таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;

VII — психик ривожланиши суст бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;

VIII — ақли заиф болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатлар.


Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабларга қабул қилиш

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактаблар 7 ёшдан бошлаб, тайёрлов гуруҳларига эса — 5—7 ёшдагилар қабул қилинади.

Имконияти чекланган болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактаблари учун белгиланган ёш меъёридан 2 йилга ошган болаларни қабул қилишга рухсат этилади.

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабга йўлланган ҳар бир болага ота-оналари (чин етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун – васийлик ва ҳомийлик органлари) томонидан шахсий ҳужжатлар йиғмажилди расмийлаштирилади ва тақдим этилади.

Боланинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида қуйидаги ҳужжатлар бўлади:

  • ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаси;
  • психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаларининг ихтисослаштирилган таълим муассасасига йўлланган бола билан олиб бориладиган таълим-тарбиявий ва даволаш-тузатиш бўйича тавсиялари акс этган баёни;
  • туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
  • таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар;
  • ўқиш жойидан таълимнинг муддати, ўқув фанларини ўзлаштириши ва хулқ-атвори, болага якка тартибда кўмак бериш борасида амалга оширилган чора-тадбирларнинг батафсил таҳлили акс эттирилган маълумотнома ва тавсифнома;
  • боланинг яшаш жойидаги шифохона бош врачи томонидан имзоланган, унинг ривожланиши тарихидан муфассал кўчирма:
  • педиатрнинг боланинг умумий ривожланиши ҳолати тўғрисидаги хулосаси;
  • психоневрологнинг тиббий ташхиси ва боланинг ақлий ривожланишига тавсифи;
  • оториноларингологнинг қулоқ, томоқ, бурун ва талаффуз артикуляциясида иштирок этувчи органларнинг ҳолатига тавсифи (эшитишда нуқсони бўлган болалар учун — сўзлашув нутқ ва шивирлаб айтилган сўзларни идрок этиш ҳолати тўғрисидаги маълумотлари, аудиограмма маълумотлари);
  • офтальмологнинг кўриш органига тавсифи (кўришда нуқсони бўлган болалар учун- батафсил ташхиси);
  • ортопед врачнинг хулосаси (таянч-ҳаракатланиш аппаратида нуқсони бўлган болалар учун).

Қабул қилинадиган болалар тоифалари

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабларга мактабгача ёшдаги ва мактаб ёшидаги қуйидаги тоифадаги болалар қабул қилинади:

  • эшитишда нуқсони бўлган болалар (карлар, заиф эшитувчилар, кейинчалик кар бўлган болалар);
  • кўришда нуқсони бўлган болалар (кўрлар, заиф кўрувчилар, кейинчалик кўр бўлган болалар);
  • нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар (алалия, дислалия, афазия, ринолалия, дизартрия, психик-нутқий ривожидаги сустлик, дудуқланиш);
  • таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар (болалар церебрал фалажи, сколиоз, полиомиелит, миопатия, остеомиелит, ампутация, бўй ўсишининг етишмовчилиги — паканалик);
  • психик ривожланиши суст болалар;
  • ақли заиф болалар;
  • мураккаб нуқсонли болалар (ривожланишида 2 та ва ундан кўп етишмовчилик бўлган болалар).

Қабул қилинмайдиган болалар тоифалари

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабларга қуйидагилар қабул қилинмайди:

  • а) ақли ўта заиф болалар (имбицил, идиотия даражасидаги олигофрения);
  • б) хулқ-атворида оғир бузилишлар, ҳиссий-иродавий соҳасида (органик) нуқсонлари бўлган болалар;
  • в) таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган, мустақил равишда ҳаракатлана олмайдиган ва ўз-ўзига хизмат кўрсата олмайдиган болалар;
  • г) кўр-кар-соқов болалар;
  • д) тез-тез такрорланадиган эпилептик тутқаноқдан азият чекадиган (эпилептик деменция, кундузги ва тунги вақтларда тутқаноғи тез-тез такрорланадиган) болалар;
  • е) марказий асаб тизимига шикаст етганлиги туфайли сийдик ва нажасини ушлаб туролмайдиган болалар.

Ушбу тоифадаги болалар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли муассасаларига йўлланади ёки уларга якка тартибда уйида ўқитиш ташкил этилади.


Имконияти чекланган болаларни ўқитиш

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабда ўқитиш ва тарбиялаш жараёни ўқувчиларнинг алоҳида хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади. Ўқувчиларнинг билимлари улардаги нуқсонларнинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда, белгиланган тартибда баҳоланади.

Таълим-тарбия жараёни умумий ўрта таълимнинг давлат стандартига мувофиқ ҳолда белгиланади. Таълим-тарбия жараёни ўқув режалари ва дастурлари асосида, махсус коррекцион тузатиш услубларидан фойдаланилган ҳолда олиб борилади.

Ўқиш, ихтиёрий равишда ижтимоий фойдали меҳнат ва дам олишни илмий асосланган ҳолда уйғунлаштиришни таъминловчи кун тартиби болаларнинг имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабда яшашини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабда ўқувчиларнинг ақлий, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш учун турли тўгараклар, клублар, студиялар, секциялар ташкил этилади.

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабда эшитишида, кўришда нуқсони бўлган ва мактаб таълимига етарлича тайёргарликка эга бўлмаган болалар учун тегишли тайёрлов синфлари ташкил этилади.

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабда ривожланишида мураккаб нуқсонли (2 та ва ундан кўп нуқсони бор бўлган) болалар учун махсус тузатувчи (коррекцион) гуруҳлар (синфлар) очилиши мумкин. Ушбу гуруҳларга таълим олувчилар психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосаси ва боланинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан жойлаштирилади.

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабда синфлардаги болалар сони

Таълим йўналиши турлари ва синфлардаги болалар тоифалари

Синфларнинг ўқувчилар билан минимал тўлдирилиши

Бошланғич синфларда болалар сони

Юқори синфларда болалар сони

1. I-II турлар:

   

Кар (эшитмайдиган) болалар учун

8

10

Заиф эшитувчилар ва кейинчалик кар бўлган (1, 2-бўлимлар) болалар учун

10

12

2. III-IV турлар:

   

Кўр(кўзи ожиз) болалар учун

8

10

Заиф кўрувчилар ва кейинчалик кўр бўлган болалар учун

10

12

3. V тур:

   

Нутқида оғир нуқсони бўлган болалар учун

10

12

4. VI тур:

   

Полиомиелит хасталиги оқибатлари бўлган болалар учун

10

12

Церебрал фалажи оқибатлари бўлган болалар учун

10

10

5.VII тур:

   

Психик ривожланиши суст болалар учун

12

16

6. VIII тур:

   

Енгил даражадаги ақли заиф болалар учун

13

13

Ўрта ва оғир даражадаги ақли заиф болалар учун

11

11

*Барча турдаги ихтисослаштирилган муассасаларда таълим олаётган мураккаб нуқсонли (ривожланишида 2 та ва ундан кўп нуқсон бўлган) болалар учун

6

8

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабда жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсон бўлган болалар соғлиғи ва интеллектининг ҳолати ҳақидаги маълумотлар ҳисобга олинган ҳолда, 9 йиллик умумий таълим дастурини қуйида белгиланган даврлар давомида ўзлаштиришади.

Белгиланган даврлар давомийлиги

Таълим йўналишлари турлари ва болалар тоифалари

Тайёрлов гуруҳлари

Бошланғич синфлар

Юқори синфлар

Жами (йил)

I-II турлар:

Кар болаларнинг умумий ўрта таълими

1

1 — 5

6 — 10

10

Заиф эшитувчи ва кейинчалик кар бўлган 1-бўлим болаларининг умумий ўрта таълими

1

1 — 4

5 — 9

9

Заиф эшитувчи 2-бўлим болаларининг умумий ўрта таълими

1

1 — 5

6 — 10

10

III-IV турлар:

Кўзи ожиз болаларнинг умумий ўрта таълими

1

1 — 4

5 — 10

10

Заиф кўрувчи болаларнинг умумий ўрта таълими

1

1 — 4

5 — 9

9

V тур:

Нутқида оғир нуқсони бўлган болаларнинг умумий ўрта таълими

1 — 5

6 — 10

10

VI тур:

Таянч-ҳаракат аппаратида нуқсонлари бўлган болаларнинг умумий ўрта таълими

1 — 4

5 — 9

9

VII тур:

Психик ривожланиши суст болаларнинг бошланғич таълими (тенглаш синфлари)

1 — 5

5

VIII тур

Ақли заиф болалар учун тўлиқсиз умумий ўрта маълумот

1 — 4

5 — 9

9

* Барча турдаги Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабда таълим олаётган мураккаб нуқсонли (ривожланишида 2 та ва ундан кўп нуқсони бўлган) болалар тоифаси учун

Мураккаб нуқсонлари бўлган болаларнинг (ривожланишида 2 та ва ундан кўп нуқсони бўлган) тўлиқсиз умумий ўрта таълими

1 — 4

5 — 9

9


Педагогларга қўйилган талаблар

Кўришда нуқсони бўлган болаларга мўлжалланган мактабда тайёрлов ва I—IV синфларда фақат кўриши соғлом ўқитувчи-тифлопедагоглар дарс бериши мумкин.

Кўришда нуқсони бўлган болаларга мўлжалланган мактабда кўзи ожиз ўқитувчилар жами педагог ходимлар сонининг нисбати 30 фоизидан ошмаган ва битта фандан дарс берувчи кўзи ожиз ўқитувчилар учун 50 фоиздан кўп бўлмаган тарзда белгиланади.

Кўришда нуқсони бўлган болаларга мўлжалланган мактабда кўзи ожиз ўқитувчилар она тили ва адабиёт, хорижий тиллар, тарих ва ижтимоий фанлардан (географиядан ташқари), математика ва мусиқадан таълим бериши мумкин.

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабда таълим жараёнини психологик жиҳатдан таъминлаш муассаса штатига кирувчи психолог томонидан амалга оширилади.

Даволаш жисмоний тарбия машқлари даволаш жисмоний тарбия инструктори ёки махсус тайёргарликка эга бўлган ўқитувчи томонидан ўтказилади.


Даволаш

Имконияти чекланган болаларни даволаш мактабнинг штатидаги тиббиёт ходимлари ёки мазкур муассасаларга бириктирилган соғлиқни сақлаш муассасаларининг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

Тиббий соғломлаштириш процедуралари, муайян даволаш курслари ҳар бир бола учун машғулотлар жадвали билан мувофиқлаштирилган ҳолда индивидуал равишда тузилади.

Имконияти чекланган болаларга ихтисослашган мактабларда ҳар бир болага тиббий карта юритилади, боланинг муассасада бўлиш муддати тугагач ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга ундан кўчирма берилади.

Имконияти чекланган болаларга ихтисослашган мактабларда дори-дармон ва физиотерапия ёрдамида даволаш ҳамда психотерапия, массаж, жисмоний машқлар, чиниқтириш ишлари олиб борилади.


Кўчириш

Имконияти чекланган болалар синфдан синфга, бир мактаб-интернатдан бошқа мактаб-интернатга ва мактаб-интернатдан мактабга ўтказилиши мумкин. Ўтказиш бепул амалга оширилади.

Синфдан синфга кўчириш

Ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини синфдан синфга ўтказиш ҳуқуқига эга.

Синфдаги ўқувчилар сони белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган тақдирда, мактаб-интернат директори ўқувчини синфдан синфга ўтказишни рад қилиши мумкин.

Синфдан синфга ўтказиш рад этилганлиги ҳақида мактаб-интернат директори томонидан уч кун ичида ота-оналарга ёзма равишда маълум қилинади.

Ўз синфдошларига нисбатан уч ва ундан ортиқ катта ёш фарқи бўлган психик ривожланиши суст ёки ақли заиф болалар бир синфда камида икки чорак таълим олгач, уларнинг билим, кўникма ва малака даражасини инобатга олган ҳолда мактаб-интернатнинг тиббий ва педагог ходимлари хулосаси асосида педагогик кенгаш қарори билан фақат бир синф юқорига кўчирилиши мумкин.

Мактабдан мактабга кўчириш

Ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини бир мактаб-интернатдан бир хил турдаги бошқа мактаб-интернатга, ёки бошқа турдаги мактаб-интернатга ўтказиш ҳуқуқига эга.

Бунда бошқа турдаги касалликларга ихтисослашган мактабга кўчиришда психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг ижобий хулосасини зарур бўлади.


Ихтисослаштирилган мактабдан умумий мактабга ўтказиш

Ўқувчининг жисмоний ёки психик ривожланишидаги нуқсони енгил даражада бўлиб (психик ривожланишнинг орқада қолиши, енгил даражадаги ақли заифлик, заиф эшитувчи, заиф кўрувчи, болалар церебрал фалажи ва бошқалар), унинг таълим-тарбия олиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилган тақдирда, мактаб-интернатдан мактабга ўтказилиши мумкин.

Ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини мактаб-интернатдан мактабга ўтказиш ҳуқуқига эга.

Ота-оналар фарзандини мактаб-интернатдан мактабга ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда халқ таълими бошқармасига ариза билан мурожаат қилади.

Ариза психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан кўриб чиқилади.

Психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг ижобий хулосаси олингач, халқ таълими бошқармаси томонидан шу куннинг ўзида ўқишни давом эттириш учун танланган мактабга тақдим этиш учун ўқувчини мактабга ўтказиш тўғрисида йўлланма берилади.

Ота-оналар халқ таълими бошқармаси томонидан берилган йўлланмани, психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосасини илова қилган ҳолда ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директорига тақдим қилади. Мактаб директори шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқариши лозим.

Chat