Ҳуқуқий ахборот портали

Ходим иш тартиби ёки графигига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади.

Ногиронларни тунги вақтдаги ишларга, шунингдек иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.

Ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш тақиқланади.

Иш вақти давомийлигининг нормал муддати

Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Иш вақтининг қисқартирилган муддати 

Иш вақтининг ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати қуйидагиларга ўрнатилади:

  • 18 ёшга тўлмаган ходимларга (16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимларга 1 ҳафтада 36 соатдан ошмайдиган муддатга);
  • 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган ходимларга 1 ҳафтада 24 соатдан ошмайдиган муддатга;
  • ўқишдан бўш вақтларида ишлаётган ўқувчиларнинг ўқув йили давомидаги иш вақти муддати юқорида назарда тутилган тегишли ёшдаги шахслар учун назарда тутилган иш вақти энг кўп муддатининг ярмидан ортиб кетиши мумкин эмас.
  • I ва II гуруҳ ногиронлари ҳисобланган ходимларга;
  • ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар  (меҳнат жараёнида соғлиғига физикавий, кимёвий, биологик ва ишлаб чиқаришнинг бошқа зарарли омиллари таъсир этадиган шахслар ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар ҳисобланади. Ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимлар иш вақти давомийлигининг чегараси билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин; Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133сон қарорининг 8 иловаси)
  • алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар  (алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар иш вақти давомийлигининг чегараси билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин; Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133сон қарорининг 4 иловаси)
  • 3-ёшга тўлмаган болалари бор бюджет ҳисобидан таъминланадиган ташкилотларда ишлаётган аёллар (ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган муддат)

Тўлиқсиз иш вақти 

Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ишга қабул қилиш чоғида ҳам, кейинчалик ҳам тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилаб қўйилиши мумкин.

Тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг йиллик асосий меҳнат таътилининг муддатини, меҳнат стажини ҳисоблашни ҳамда бошқа меҳнат ҳуқуқларини бирон бир тарзда чеклашга асос бўлмайди ва ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.

Қуйидаги ходимлар тоифаларига иш берувчи тўлиқсиз иш вақтини белгилашга мажбур:

  • ҳомиладор аёллар;
  • 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи), у жумладан ҳомийлигида шундай боласи бор аёллар;
  • тиббий хулосага асосан оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахслар.

Иш ҳафтасининг турлари. Иш вақти режими 

Иш ҳафтасининг тури (2 кун дам олинадиган 5 кунлик иш ҳафтаси ёки 1 кун дам олинадиган 6 кунлик иш ҳафтаси) ва иш вақти режими (кундалик иш вақтининг (сменанинг) муддати, ишнинг бошланиш ва тугаш вақти, танаффуслар, сменалар сони, иш кунлари ҳамда ишланмайдиган кунларнинг алмашиниши, сменадан сменага ўтиш) корхонада ички меҳнат тартиби қоидалари, бошқа локал норматив ҳужжатлар билан, бу ҳужжатлар бўлмаганда эса, — ходим билан иш берувчининг келишувига биноан белгиланади.

Ходимни сурункасига икки смена давомида ишга жалб этиш тақиқланади.

Байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасидаги ишнинг муддати

Байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасида кундалик иш (смена) муддати барча ходимлар учун камида 1 соатга қисқартирилади.

Байрам (ишланмайдиган) кунлари ишлаганлик учун компенсация ва иш ҳақи олиш тартиби билан бу ерда танишиш мумкин.

Тунги вақтдаги ишнинг муддати

Соат 22-00 дан то соат 6-00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади.

Тунги иш вақти муддати ҳар бир иш куни учун 1 соатга қисқартирилади.

Иш вақтидан ташқари иш

Белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.

Иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин.

Иш сменасининг муддати 12 соатдан иборат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.

Иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун сурункасига икки кун давомида 4 соатдан (меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда — бир кунда 2 соатдан) ва йилига 120 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим.  

Дам олиш кунлари ишлаганлик учун компенсация ва иш ҳақи олиш тартиби билан бу ерда танишиш мумкин.

Дам олиш, тунги ва ишдан ташқари ишларга жалб қилишда қўйилган чекловлар
  • ногиронларни жалб қилиш уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади;
  • ҳомиладор аёлларни ва 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз жалб қилишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

Норматив ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг 133-141-моддалар)

 

Меҳнат кодекси (114, 115, 116, 117, 118, 119,120, 124, 131, 220, 242)

 

Chat