Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фақат виза асосида Ўзбекистон ҳудудига киришлари ва унинг ҳудуди орқали транзит ўтишлари мумкин.

Кириш визаси бир йилдан ошмаган муддатга берилади.

Инвестиция киритиш вақтида Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақининг 8 500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олиш, шунингдек, хорижий корхона ташкил этиш шаклида Ўзбекистон Республикасига инвестиция киритган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кўп марталик уч йиллик виза олиш ва унинг амал қилиш муддатини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш заруратисиз чекланмаган миқдорда узайтириш ҳуқуқи берилди.

Визаларни расмийлаштириш жойлари   

Ўзбекистон Республикаси визаси қуйидаги жойларда расмийлаштирилади:

  • Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги консуллик муассасалари томонидан, бундай консуллик муассасалари мавжуд бўлмаган тақдирда эса — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг икки томонлама битими мавжуд бўлган бошқа давлатларнинг консуллик муассасалари томонидан берилади;
  • Тошкент, Самарқанд, Бухора, Урганч, Нукус, Термез халқаро аэропортларидаги Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг бўлинмалари томонидан берилади.

Ўзбекистон Республикаси халкаро аэропортларда Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик муассасалари ва бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикасига кириш визалари хорижий фуқароларнинг барча тоифаларига берилади.

Виза талабномаси Ўзбекистон ҳудудида доимий ёки вақтинча жойлашган юридик ва жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ёзма илтимосномаси асосида расмийлаштирилади.

Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар виза олиш учун Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ва консуллик муассасаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
  • паспорт ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳужжати. Ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати виза муддатидан камида 3 ойга кўп бўлиши лозим;
  • 2 нусхада тўлдирилган виза талабномаси; 
  • 2 рангли фотосурат (3,5 га 4,5 см.)

Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар транзит виза олишлари учун юқорида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари кетаётган давлатнинг визаси ва Ўзбекистондан чиқиб кетиш санаси тасдиқланган йўл ҳужжатларига эга бўлишлари лозим.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик муассасаси ёки консуллик ваколатхонаси бўлмаган давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар визани Ўзбекистонга келиб, Ташқи ишлар вазирлигининг «Тошкент» халқаро аэропортидаги виза билан таъминлаш секторидан олишлари мумкин. Бунинг учун Ўзбекистон ҳудудидаги таклиф қилувчи жисмоний ёки юридик шахс ўрнатилган тартибда олдиндан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилиши, Консуллик бошқармасининг Виза билан таъминлаш бўлимидан тегишли тасдиқ (штамп) олиши ва уни таклиф қилинувчи шахсга юбориши лозим. Мазкур тасдиқ таклиф қилинувчи шахс томонидан авиачипта харид қилиш ва ўз давлатидаги паспорт текширувидан ўтиш пайтида тақдим этилади ва ушбу ҳужжат асосида Ташқи ишлар вазирлигининг «Тошкент» халқаро аэропортидаги виза билан таъминлаш секторида унга виза расмийлаштирилади.

Жисмоний шахс таклифномаси асосида виза расмийлаштириш учун рухсатнома 15 кун ичида кўриб чиқилади.

Туристик виза расмийлаштириш муддати 3 иш куни.

Транзит виза расмийлаштириш муддати 3 кун.

Электрон виза (e-visa)

2018 йил 15 июлдан соддалаштирилган тартибда электрон туристик виза расмийлаштириш системаси киритилди (e-visa.gov.uz).

Электрон виза 2 иш кун ичида расмийлаштирилади ва 30 кунгача бўлган муддатга бир маротабалик ташриф учун берилади. Виза берилган санасидан бошлаб ишлатиш муддати 90 кун.

Консуллик йиғими 20 АҚШ доллари.

Ўзбекистоннинг алоҳида давлатлар билан виза тартиби:

  • Икки томонлама визасиз режим - Қирғизистон (60 кунгача), Тожикистон (30 кунгача), Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Молдова, Россия ва Украина.
  • Қисқа муддатли визасиз режим    

    30 кунгача қуйидаги давлатлар фукароларга визасиз тартиб ташриф мақсадидан қатъий назар жорий этилган:

    • Австралия, Австрия, Аргентина, Босния ва Герцеговина, Ватикан, Люксембург, Венгрия, Бруней-Доруссалом, Исроил, Греция, Индонезия, Ирландия, Исландия, Италия, Канада, Андорра, Лихтенштейн, Монако, Бельгия, Дания, Испания, Нидерландлар, Норвегия қироллиги, Швеция, Латвия, Литва, Малайзия, Мўғулистон, Янги Зеландия, Португалия, Болгария, Кипр, Корея, Мальта, Польша, Сан-Марино, Сербия, Словения, Хорватия, Чили, Руминия, Сингапур, Словакия, Буюк Британия, Туркия, Бразилия, Германия, Финляндия, Франция, Черногория, Чехия, Швейцария, Эстония, Япония.
    • 2018 йил 15 июлдан Ўзбекистон бир қатор мамлакатлар билан қисқа муддатли визасиз режимини жорий этди. Ушбу мамлакатлар фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинчалик беш кундан кўп бўлмаган муддатга вақтинчалик учинчи ташувчи мамлакатга ёлланадиган бўлса;
    • 16 ёшга тўлмаган хорижий фуқаролар учун визасиз кириш;
    • 16 ёшга тўлмаган хорижий фуқаролар учун Ўзбекистон Республикасига визасиз кириш тартиби ўрнатилган, бунда ушбу фуқаролар қонуний вакиллари ҳамроҳлигида бўлишлари ва биометрик ўтиш ҳужжатига эга бўлишлари талаб этилади ҳамда Ўзбекистон ҳудудида ҳамроҳ шахснинг визаси амал қилиш даврида, лекин 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда бўлишлари мумкин.

Консуллик йиғимлари    

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ визаларни расмийлаштириш ва бериш учун қуйидаги консуллик йиғимлари ўрнатилган:

а) Бир марталик визалар учун:

  • 7 кунгача - 40 АҚШ доллари;
  • 15 кунгача - 50 АҚШ доллари;
  • 30 кунгача - 60 АҚШ доллари;
  • 3 ойгача - 80 АҚШ доллари;
  • 6 ойгача - 120 АҚШ доллари;
  • 1 йилгача - 160 АҚШ доллари.

б) кўп марталик визалар учун:

  • 6 ойгача - 150 АҚШ доллари;
  • 1 йилгача - 250 АҚШ доллари.

в) транзит визалар учун:

  • 72 соатгача - 40 АҚШ доллари;
  • икки марталик транзит виза учун - 50 АҚШ доллари.

г) Гуруҳ визалари учун (камида 10 киши бўлиши керак, 16 ёшгача бўлган болалардан ташқари):

  • 15 кунга - 15 АҚШ доллари (ҳар бир киши учун);
  • 30 кунга - 25 АҚШ доллари (ҳар бир киши учун).

Бундан ташқари, визаларни расмийлаштириш жараёнида ҳақиқий харажатлар қопланади. Бундай йиғим миқдори виза расмийлаштириладиган жойга боғлиқдир

2019 йил 1 февралдан бошлаб фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий қилинадиган мамлакатлар рўйхати

2019 йил 1 февралдан бошлаб фуқаролари электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлган мамлакатлар рўйхати

Ўзбекистон Республикаси визаси ҳақида тўлиқ ва батафсил маълумот олиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

Chat