Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас – ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Чет элда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар қуйидаги ҳолатларда Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик муассасалари томонидан бериладиган Ўзбекистонга қайтиш сертификатини олиши мумкин:

  • Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини йўқотиш;
  • Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатинмуддатининг и шикастлаш;
  • Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини ўғирлатиш;
  • Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддати тугаши;
  • Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатидаги варақлар ишлатилиб бўлинганда ҳамда фуқаронинг илгари паспорти бўлмаганда.

Ҳужжатлар

Ўзбекистонга қайтиш сертификатини олиш учун консуллик муассасасига қуйидаги ҳужжатлар топширилиши лозим:

  • консуллик муассасасининг веб-сайтидаги бар кодли тўлдирилган ва имзоланган анкета-ариза;
  • 3х4 см ўлчамдаги рангли фотосурат;
  • ҳаракатланиш ҳужжатининг асли (ҳужжатга зарар етганда ёки варақлар ишлатиб бўлинганда);
  • бўлиш мамлакатининг ваколатли органлари томонидан ҳаракатланиш ҳужжатининг олиб қўйилганлиги ёки ўғирланганлиги ҳақидаги ҳужжатининг асли ва нусхаси;
  • имкониятга қараб бўлиш мамлакатининг ваколатли органлари томонидан берилган ҳаракатланиш ҳужжатининг йўқотилганлиги ҳақидаги ҳужжат, Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари томонидан берилган ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи йўқотилган ҳаракатланиш ҳужжати ёки бошқа ҳужжат нусхаси;
  • туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва ота-она паспортларининг нусхаси (фуқаро илгари паспорт олмаганда);
  • консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатлар тўланганлиги ҳақидаги квитанция

Сертификатнинг бериш ва амал қилиш муддати   

Сертификат Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) томонидан “Сертификат” ЭМД орқали тегишли тасдиқнома олингандан кейингина берилади. ИИВ 3 иш кунида ариза берувчининг шахсини тасдиқлайди. ТИВ 24 соат ичида ИИВ тасдиқномасини консуллик муассасасига юборади. Ариза берувчига нисбатан қўшимча маълумотлар ўрганиш лозим бўлганда, ИИВ электрон анкета-аризани 20 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқади.

Сертификатни амал қилиш муддати 1 ой.

Ўзбекистонга келгандан кейин 10 кундан кечикмасдан яшаш жойидаги ички ишлар органларига янги паспортни олиш учун сертификатни топшириш лозим.

Консуллик йиғимлари

  • Сертификатни расмийлаштирганлик ва берганлик учун консуллик йиғими ва ҳақиқий харажатлар ундирилади.
  • 16 ёшга тўлмаган болалар Сертификатни расмийлаштирганлик ва берганлик учун консуллик йиғимидан озод этилади.

Сертификат қуйидагиларга берилмайди  
  • чет эл фуқароларига;
  • Ўзбекистон Республикасида доимий пропискада турмайдиган фуқаролиги йўқ шахсларга;
  • доимий прописка жойида уч йилдан ортиқ вақт давомида узрли сабабларсиз бўлмаганлиги туфайли доимий пропискаси бекор қилинган шахсларга;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиққан ёки фуқаролиги бекор қилинган шахсларга.

Ариза берувчига Ўзбекистон Республикаси қайтиш сертификати қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

  • ўзи ҳақида нотўғри маълумотлар берганлик ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқолганлигининг ёлғонлиги;
  • тегишли ҳужжатларнинг белгиланган тартибда тўлиқ тақдим этилмаганлиги (тўлиқ бўлмаган рўйхат, нотўғри тўлдириш).

Шаблон ва шакллар намуналари

Ўзбекистон Республикасига қайтиш сертификатини электрон расмийлаштириш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

Анкета-ариза намунаси

Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун гувоҳнома намунаси

Chat