Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Турар жой мулкдори ўз оила аъзоларини ва бошқа шахсларни пропискадан ўтказиш ҳуқуқига эга.

Тарбиялаш, даволаш ва бошқа муассасалардаги етим болалар, ота-оналарининг қаровисиз қолган болалар, шунингдек, қариялар уйларидаги шахслар кўрсатиб ўтилган муассасалар томонидан берилган турар жой майдонига доимий прописка қилинади.

Бир нечта уйга ёки квартирага эга бўлган мулкдор улардан фақат биттасига доимий пропискадан ўтиши мумкин.

Ҳарбий хизматга мажбур шахсларни прописка қилиш улар мудофаа ишлари бўйича бўлимларда ҳарбий ҳисобга қўйилганларидан кейин амалга оширилади. 16 ёшдан 45 ёшгача бўлган фуқаролар ҳарбий ҳисобга қўйилишлари керак.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар -  Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати  

1. Қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган уй-жойга эга бўлган фуқаролар.

2. Қариндошлар — ўзларининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари доимий прописка қилинган уй-жой майдонига.

3. Васийлик ва ҳомийликдаги шахслар — васий (ҳомий) доимий прописка қилинган уй-жой майдонига.

4. Ота-онаси бўлмаган вояга етмаган туғишган ака-ука ва опа-сингиллар, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз бўлган ҳамда ўз оиласи бўлмаган вояга етган туғишган ака-ука ва опа-сингиллар — ўзларининг туғишган ака-ука ёки опа-сингиллари доимий прописка қилинган уй-жой майдонига.

5. Эр (хотин) — хотини (эри) доимий прописка қилинган уй-жой майдонига, башарти камида бир йил биргаликда яшаётган бўлса. Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида доимий прописка қилинганидан сўнг бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда, эр (хотин) Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида олинган доимий пропискани йўқотади.

6. Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлган фуқаролар — улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бошқа манзил бўйича доимий прописка қилиниш масаласи юзасидан мурожаат этган тақдирда.

7. Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлган фуқаролар — улар Тошкент вилоятида бошқа манзил бўйича доимий прописка қилиниш масаласи юзасидан мурожаат этган тақдирда.

8. Илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқаролар — ўқишни, ишни, узоқ муддатли хизмат сафарини тугатганидан, шунингдек озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод этилганидан кейин доимий яшаш учун тегишинча Тошкент шаҳрига ва Тошкент вилоятига қайтиб келганида.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) — мазкур фуқаролар лавозимда турадиган даврга.

10. Қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайланган фуқаролар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) — мазкур фуқаролар лавозимда турадиган даврга.

11. Давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) — мазкур фуқаролар лавозимда турадиган даврга.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 14 сентябрдаги ПҚ-694-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ уй-жой билан таъминланган ҳарбий хизматчилар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари).

Рўйхатнинг 2 (хотини ёки эри, ўз оиласига эга бўлмаган вояга етган болалар ҳамда эр-хотиннинг биргаликдаги ва (ёки) илгариги никоҳидан туғилган ёхуд никоҳсиз туғилган вояга етмаган болалар, шунингдек фарзандликка олинган болалар бундан мустасно), 3, 5, 9 — 12-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқароларнинг қариндошлари Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинмайди.

Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлиш учун туман ички ишлар бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади
  • ариза;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти;
  • контракт бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг шахсий гувоҳномаси (казармалар, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);
  • уй-жой ҳужжатларининг асл нусхаси (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
  • уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса;
  • никоҳ тузилганлиги ёки болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларнинг, шунингдек, васийлик ёки ҳомийликни тасдиқлайдиган ҳужжатлар (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
  • тегишли ташкилот раҳбарининг ишга таклиф этилаётган шахснинг (юқори малакали мутахассислар ва тор ихтисосдаги мутахассисларнинг) ишончлилиги кафолати билан биргаликда илтимосномаси.
  • ҳарбий хизматчи хизмат қилаётган жойдан берилган турар жой олинганлиги тўғрисидаги маълумотнома;
  • прописка учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

Фуқаро вилоятларда доимий пропискага эга бўлиш учун туман ички ишлар бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади
  • ариза;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти (кейинги ўринларда паспорт деб аталади);
  • контракт бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг шахсий гувоҳномаси (казармалар, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);
  • уй-жой ҳужжатларининг асл нусхаси (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
  • уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёхуд агар шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги);
  • никоҳ тузилганлиги ёки болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар, шунингдек, васийлик ёки ҳомийликни тасдиқлайдиган ҳужжатлар (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
  • прописка учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

Рўйхатдан чиқарилиш ва пропискани бекор қилиш тартиби   

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни рўйхатдан чиқариш маҳкумнинг ишончномаси асосида ёки уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотганлик ҳақидаги суд қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Вафот этганлар ўлим қайд этилганидан кейин рўйхатдан чиқарилиши лозим.

Тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ва ҳақиқатга мувофиқ бўлмаган маълумотлар аниқланган, шунингдек, вилоятларда доимий пропискага эга бўлиш учун асос бўлган ҳужжатлар қалбакилаштирилганлиги аниқланган тақдирда доимий прописка ички ишлар органлари томонидан бекор қилинади, кейинчалик материаллар тергов органларига юборилади.

Пропискани бекор қилиш ёки рўйхатдан чиқариш суд қарорига кўра ҳам амалга оширилиши мумкин.

Фуқаро рўйхатдан чиқиш учун туман ички ишлар бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади   
  • ариза;
  • паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
  • мудофаа ишлари бўлимидан ҳисобдан ўчирилганлиги ҳақида белгиси мавжуд ҳисоб-ҳарбий ҳужжатлар;
  • уй дафтари ёки қайд этиш карточкаси ва квартиралар бўйича карточка;
  • энг кам ойлик иш ҳақининг 2 % миқдорида давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

Ички ишлар органи тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ ва ҳақиқий бўлса уч иш куни мобайнида фуқарога белгиланган тартибда доимий пропискани расмийлаштиради.

Рўйхатдан чиқарилганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2% миқдорида бож ундирилади (4 460,00 сўм).

Норматив ҳужжатлар

Chat