Ҳуқуқий ахборот портали

Судга мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят  бериш икки турга бўлинади:

  1. Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш
  2. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келмайдиган қарорлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан шикоят қилиш.

Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш    

Манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли:

унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган;

унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган;

унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклаган;

унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.

Давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судлар томонидан ҳал этилади.

Мурожаат этиш муддати    

Маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин.

Ариза (шикоят) беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати суд томонидан тикланиши мумкин.

Аризанинг (шикоятнинг) мазмуни    

Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) умумий талабларга мувофиқ бўлиши, шунингдек унда қуйидагилар ҳам кўрсатилиши керак:

1) устидан шикоят қилинаётган қарорни қабул қилган ёки шикоят қилинаётган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) содир этган маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг номи, мансабдор шахснинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари;

2) устидан шикоят қилинаётган қарорнинг номи, рақами, у қабул қилинган сана, устидан шикоят қилинаётган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилган сана ва жой;

3) аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли унинг бузилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги маълумотлар;

4) аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарорнинг, ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) қайси қонун ҳужжатига зид эканлиги;

5) аризачининг қарорни ҳақиқий эмас, ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаби.

Аризага (шикоятга) шунингдек устидан шикоят қилинаётган қарорнинг матни илова қилинади.

 

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келмайдиган қарорлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан шикоят - фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади.

Мурожаат этиш муддатлари

Агар қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги даъво аризаси фуқаронинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида унга маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин.

Даъво аризасининг мазмуни

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги даъво аризаси умумий талабларга мувофиқ бўлиши, шунингдек унда қуйидагилар ҳам кўрсатилиши керак:

1) низолашилаётган қарорни қабул қилган корхона, муассаса, ташкилот, жамоат бирлашмасининг номи ёки низолашилаётган ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган мансабдор шахснинг фамилияси ва исм-шарифининг бош ҳарфлари;

2) низолашилаётган қарорнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, низолашилаётган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилган сана ва жой;

3) даъвогарнинг фикрига кўра, низолашилаётган қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли бузилаётган ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги маълумотлар;

4) даъвогарнинг фикрига кўра, низолашилаётган қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қайси қонун ҳужжатига зид бўлса, ўша қонун ҳужжати;

5) даъвогарнинг қарорни ҳақиқий эмас, ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаби.

Даъво аризасига, шунингдек низолашилаётган қарорнинг матни илова қилинади.

 

Шаблон ва шакллар намуналари

Ариза, шикоят ва бошқа мурожаатлар намуналари