Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Иқтисодий судларга иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низолар бўйича мурожаат қилинади.

Судга:

фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан юзага келадиган низолар бўйича - даъво аризаси билан;

буйруқ тартибида иш юритиш, алоҳида тоифадаги ишлар бўйича ҳамда Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган бошқа ҳолларда - ариза билан;

апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларига мурожаат этилганда, шунингдек Иқтисодий процессуал кодексида ҳамда бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда шикоят (протест)  билан мурожаат қилиш лозим.

Иқтисодий суд томонидан ҳал этиладиган низолар  

1) тузилиши мажбурийлиги қонунда назарда тутилган шартномани тузишда юзага келган келишмовчиликлар тўғрисидаги;

2) шартнома тарафлари томонидан кўриб чиқилиши судга ўтказилиши келишилган шартномани тузишда юзага келган келишмовчиликлар ҳақидаги;

3) шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги;

4) битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги;

5) мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги;

6) мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги;

7) мулкдор ёки мулкнинг бошқа қонуний эгаси томонидан мол-мулкни бошқа шахснинг ғайриқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги;

8) интеллектуал фаолият объектлари ва улар акс эттувчи воситалар, товарлар, ишлар ва хизматларга мулкий ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақидаги;

9) мулкдорнинг ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги;

10) зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги;

11) ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги;

12) ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжатини ёки бошқа ҳужжатни ижро этиш мумкин эмас деб топиш ҳақидаги;

13) агар қонунда жарималарни сўзсиз (акцептсиз) тартибда ундириш назарда тутилмаган бўлса, назорат қилувчи органлар томонидан юридик шахслар ва фуқаролардан жарималар ундириш тўғрисидаги;

14) назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда сўзсиз (акцептсиз) тартибда ҳисобдан чиқарилган пул маблағларини бюджетдан қайтариш ҳақидаги.

Chat