Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

«Саховат» интернат уйлари Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, Оила кодексига мувофиқ уларни парвариш қилиши шарт бўлган қариндошлари ёки бошқа шахслар бўлмаган ёлғиз кексалар ҳамда 18 ёшидан бошлаб I ва II гуруҳлар ногиронлиги бўлган шахслар учун давлат тиббий-ижтимоий муассасалари ҳисобланади.

Қабул қилиш бўш ўринлар мавжуд бўлган тақдирда «Саховат» интернат уйларига:

  •  Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган уларни парвариш қилиши шарт бўлган қариндошлари ёки бошқа шахслар бўлмаган ёлғиз кексалар;
  • 18 ёшидан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар қабул қилинади.

«Саховат» интернат уйларига йўлланмалар берилмайдиган холатлар

Қуйидагиларга «Саховат» интернат уйларига йўлланмалар берилмайди:

  • тез-тез, ҳар ойда 5 мартадан кўп тутқаноқ содир бўладиган эпилепсия, мунтазам тутқаноқларга, эпилептик мақомга, кун охирига бориб бўшашувчанликка, дисфорияларга мойиллик борлар;
  • беморнинг ўзи ва атрофидагилар учун хавфли бўлган мойилликнинг қўпол бузилишлари ва ахлоқий дағаллик билан бирга кечадиган руҳий касалликлар.

«Саховат» интернат уйларига қабул қилишга тўсқинлик қилувчи холатлар

Қуйидагилар «Саховат» интернат уйларига қабул қилишга қарши умумий кўрсаткичлар ҳисобланади:

  • жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;
  • юқумли тери ва соч касалликлари;
  • ўткир юқумли касалликлар;
  • салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;
  • таносил касалликлари.

 «Саховат» интернат уйларига қабул қилиш чоғида юқори ҳарорат ёки ноаниқ этиологияли тошма аниқланган шахслар соғлиқни сақлаш муассасаларига юборилади.

«Саховат» интернат уйларига расмийлаштириш учун талаб этиладиган ҳужжатлар

«Саховат» интернат уйларига расмийлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  •  «Саховат» интернат уйига расмийлаштирилаётган ёлғиз кексанинг ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахснинг аризаси;
  • паспорт нусхаси;
  • соғлиқнинг ҳолати тўғрисидаги тиббий ҳужжатлар;
  • ёлғиз шахс сифатида ҳисобга олиш тўғрисидаги қарор нусхаси;
  • пенсионер гувоҳномасининг нусхаси;
  • 2 та (6 см х 4 см ҳажмли) фотосурат.

«Саховат» интернат уйига расмийлаштирилаётганнинг ногиронлиги аниқланган тақдирда тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг нусхаси ҳам тақдим этилади.

«Саховат» интернат уйларига юбориш, шунингдек биттасидан иккинчисига ўтказиш Тиббий ижтимоий хизматлар агентлиги Махсус комиссияси қарорига мувоқиф тиббий-ижтимоий хизматлар бўлимлари бошлиғининг белгиланган тартибда қабул қилинган буйруғи асосида амалга оширилади.

«Саховат» интернат уйлари фаолиятини мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳри Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1003" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

 

Chat