Ҳуқуқий ахборотни биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

  • 31 марта ўқилди

Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати Ўзбекистонда доимий яшайдиган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳисобланган ҳамда Оила кодексига мувофиқ уларни таъминлашга мажбур бўлган қариндошлар ёки бошқа шахсларга эга бўлмаган ёлғиз уруш ва меҳнат фахрийлари учун давлат тиббий-ижтимоий муассасаси ҳисобланади.

Республика пансионатига бўш ўринлар мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистонда доимий яшайдиган:

  •  I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  •  парвариш қилиши шарт бўлган қариндошлари ёки бошқа шахслар бўлмаган ёлғиз уруш ва меҳнат фахрийлари қабул қилинади.

Бўш жойлар мавжуд бўлганда пансионатга Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, парвариш қилиши шарт бўлган қариндошлари ёки бошқа шахслар бўлмаган ёлғиз кексалар 18 ёшдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳам қабул қилиниши мумкин.

Пансионатга юборишга қарши кўрсатгичлар

Қуйидагилар пансионатга юборишга қарши кўрсаткичлар ҳисобланади:

  • тез-тез (ҳар ойда 5 мартадан кўп) тутқаноқ содир бўладиган эпилепсия, мунтазам тутқаноқларга, эпилептик мақомга, кун охирига бориб бўшашувчанликка, дисфорияларга мойиллик;
  • беморнинг ўзи ва атрофидагилар учун хавфли бўлган мойилликнинг қўпол бузилишлари ва ахлоқий дағаллик билан бирга кечадиган руҳий касалликлар.

Пансионатга қабул қилишга қарши умумий кўрсаткичлар

Қуйидагилар пансионатга қабул қилишга қарши умумий кўрсаткичлар ҳисобланади:

  • жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;
  • юқумли тери ва соч касалликлари;
  • ўткир юқумли касалликлар;
  • салбий жараёндаги ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;
  • таносил касалликлари.

Пансионатга қабул қилиш чоғида юқори ҳарорат ёки ноаниқ этиологияли тошма топилган шахслар соғлиқни сақлаш муассасаларига юборилади.

Пансионатга қабул қилишда талаб этиладиган ҳужжатлар

Пансионатда расмийлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:  

  • ариза;
  • паспорт нусхаси;
  • соғлиқнинг ҳолати тўғрисидаги тиббий ҳужжатлар;
  • туман (шаҳар) ҳокимининг ёлғиз шахс сифатида ҳисобга олиш тўғрисидаги қарори нусхаси;
  • пенсионер гувоҳномасининг нусхаси;
  • пансионатга расмийлаштирилаётганнинг (6 см х 4 см ўлчамли) 2 та фотосурати;
  • хизмат кўрсатганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар.

Пансионатга расмийлаштирилаётган ногирон бўлган тақдирда белгиланган тартибда тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг нусхаси ҳам тақдим этилади.

Пансионатга қабул қилиш, шунингдек ундан кўчириш Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги тегишли комиссиясининг қарорига мувофиқ пансионатнинг директори буйруғи асосида амалга оширилади.

Пансионат фаолиятини мувофиқлаштириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1003" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

 

Chat