Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

«Мурувват» интернат уйлари Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, руҳиятида сезиларли ёки анча сезиларли нуқсонлар бор бўлган, 18 ёшидан бошлаб I ва II гуруҳлар ногиронлиги бўлган шахслар учун давлат тиббий-ижтимоий муассасалари ҳисобланади.

«Мурувват» интернат уйларига бўш ўринлар мавжуд бўлган тақдирда қуйидаги ташхислар билан қабул қилинади:
  • мўътадил даражадаги ақлий заифлик;
  • оғир даражадаги ақлий заифлик;
  • чуқур даражадаги ақлий заифлик;
  • қолдиқ шизофрения;
  • деменция.

«Мурувват» интернат уйларига юборишга қарши кўрсаткичлар

Қуйидагилар «Мурувват» интернат уйларига юборишга қарши кўрсаткичлар ҳисобланади:

  • тез-тез, ҳар ойда 5 мартадан кўп тутқаноқ ҳуружлари содир бўладиган эпилепсия, серияли тутқаноқ ҳуружларига, эпилептик статусга, номозшомсимон онг хиралашиш ҳолатларига, дисфорияларга мойиллик;
  • беморнинг ўзи ва атрофдагилар учун хавфли бўлган қўпол ва ҳулқий бузилишлар сабаб бўладиган руҳий касалликлар.

«Мурувват» интернат уйларига қабул қилишга қарши умумий кўрсаткичлар

Қуйидагилар «Мурувват» интернат уйларига қабул қилишга қарши умумий кўрсаткичлар ҳисобланади:

  • жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;
  • юқумли тери ва соч касалликлари;
  • ўткир юқумли касалликлар;
  • салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;
  • таносил касалликлари.
  •  «Мурувват» интернат уйларига қабул қилиш чоғида юқори ҳарорат ёки ноаниқ этиологияли тошма аниқланган шахслар соғлиқни сақлаш муассасаларига юборилади.

«Мурувват» интернат уйларига расмийлаштиришда талаб қилинадиган ҳужжатлар

«Мурувват» интернат уйларига расмийлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • ота-онанинг, фарзандликка олувчининг, васийлик ва ҳомийлик бўйича давлат органи вакили томонидан тайинланган васий ёки ҳомийнинг васийликка олинаётганни «Мурувват» интернат уйига расмийлаштириш учун доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси бошлиғи номига берилган аризаси;
  •  «Мурувват» интернат уйига расмийлаштирилаётганнинг паспорти нусхаси;
  • васийликка олинаётганни «Мурувват» интернат уйига расмийлаштириш тўғрисида ариза бераётган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомий паспортининг нусхаси;
  • рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда томонидан тасдиқланадиган соғлиқнинг ҳолати тўғрисидаги тиббий ҳужжатлар;
  • пенсионер гувоҳномасининг нусхаси, мавжуд бўлса;
  • «Мурувват» интернат уйига расмийлаштирилаётганнинг 2 та (6 см х 4 см ҳажмли) фотосурати;
  • белгиланган тартибда тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг нусхаси;
  • белгиланган тартибда тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури.

«Мурувват» интернат уйларига юбориш, шунингдек биттасидан иккинчисига ўтказиш Тиббий ижтимоий хизматлар агентлиги Махсус комиссияси қарорига мувоқиф тиббий-ижтимоий хизматлар бўлимлари бошлиғининг белгиланган тартибда қабул қилинган буйруғи асосида амалга оширилади.

 «Мурувват» интернат уйлари фаолияти Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳри Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан мувофиқлаштирилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1003" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

Chat