Ҳуқуқий ахборот - ҳаммага, ҳар доим, ҳамма жойда!

  • марта ўқилди

Ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойи ёки ўлим содир бўлган жойдаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорига асосан ўлимни қайд этиш мазкур қарорни чиқарган суд жойлашган ердаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

Ўлимни қайд этиш тўғрисидаги ариза ўлим тўғрисидаги тиббий гувоҳнома берилгандан кейин 3 кундан кечикмай берилиши керак.

Ўлимни қайд эттириш тўғрисида марҳумнинг қариндошлари ва яқин кишилари, шунингдек тиббий муассаса маъмурияти мурожаат этишлари мумкин, улар ўлим тўғрисида тиббий гувоҳнома ва марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этадилар.

Ўлимни ФҲДЁ органларида қайд этмасдан марҳумни дафн қилиш тақиқланади.

Ўлимни қайд этиш учун ФҲДЁ органига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома ёки суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори;
  • марҳумнинг паспорти, ҳарбий билети, 16 ёшгача вафот этганларнинг туғилганлик ҳақида гувоҳномаси, 1 ёшга тўлмаган бола вафот этганда уни онасининг паспорти.

Ўлимни қайд этишда тўлов ундирилмайди.

Ўлимни қайд этишнинг алоҳида ҳоллари

Темир йўл ёки автомобиль транспортида содир бўлган ўлимни қайд этиш яқинроқ жойдаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилиши мумкин.

Ҳаво ёки сув кемасида содир бўлган ўлимни қайд этиш ҳаво кемаси ерга қўнган жойдаги ёки сув кемаси тўхтаган портдаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилиши мумкин.

Шахси аниқланмаганларнинг ўлимини қайд этиш давлат соғлиқни сақлаш тизими тиббий муассасасининг хабарига асосан шу муассаса жойлашган ердаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

Бундай ҳолларда ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувидаги барча маълумотлар ўлим тўғрисидаги тиббий гувоҳнома асосида кўрсатилади ва фақат қабристонга тақдим этиш учун маълумотнома берилади.

Ўлим ҳақидаги гувоҳнома марҳумнинг шахси аниқлангандан кейингина берилади.

Чет элда вафот этган шахсни ўлимини қайд этиш

Чет элда вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг ўлимини қайд этиш марҳум яшаб турган ёки ўлим содир бўлган жойдаги Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан амалга оширилади.

Шахс хорижий давлат ҳудудида вафот этган тақдирда, вафот этган шахснинг унинг жасадини (сақланиб қолган тана қисмларини) ёки хокини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дафн этишни ташкил этишда Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек ўз фаолият турига кўра шундай ҳолларда зарур хизматлар кўрсатувчи бошқа юридик шахслар кўмаклашади. Ўлимни қайд этиш учун консуллик муассасасига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • хорижий тиббий хулоса ёки ўлим ҳақидаги гувоҳнома (маълумотнома);
  • паспорти, йўл ҳужжати ёки вафот этганнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, ёхуд уларнинг нусхаси;
  • 16 ёшгача вафот этган шахслар учун — паспорт, йўл ҳужжати ёки туғилганлик ҳақида гувоҳнома.

Вафот этган шахснинг жасадини (сақланиб қолган тана қисмларини) ёки хокини Ўзбекистон Республикасига транспортда ташиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш учун консуллик муассасасига қуйидагилар тақдим этилади:

  • хорижий давлат ваколатли органларининг жасадни (сақланиб қолган тана қисмларини) ёки хокини транспортда ташиш ва мамлакатдан олиб чиқиш бўйича рухсатномаси;
  • йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) ёки ҳуқуқбузарлик оқибатида ўлим юз берганда — ваколатли орган вакили томонидан воқеа жойида тузилган баённома ёки хулоса;
  • юқумли касаллик мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида маълумотнома;
  • транспортда ташиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар (мавжуд бўлса).

Ўлим ҳақидаги такрорий гувоҳномалар бериш
  • марҳумнинг яқин қариндошларига;
  • меросхўрларига;
  • бошқа шахсларга (ишончнома асосида) берилади.

ФҲДЁ органлари ҳақида маълумот олиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

ФҲДЁ органи қабулига ёзиши учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги консуллик муассасалари билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Chat