Ҳуқуқий ахборот портали

Эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича никоҳдан ажралишни қайд этиш

Эр-хотиндан бири:

  • суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;
  • суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;
  • содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган умумий болалари бор-йўқлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш қайд этилади.

Бунда ФҲДЁ органига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • эр (хотин)нинг муомалага лаёқатсиз ёхуд бедарак йўқолган деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори;
  • эр (хотин) уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукмидан кўчирма, шунингдек судланган эр (хотин)нинг ўртадаги болалари ва мол-мулки юзасидан низоси йўқлиги тўғрисидаги тилхат.

Эр-хотиннинг ўзаро розилиги асосида никоҳдан ажралишни қайд этиш

ФҲДЁ органи мулкий низолари ҳамда вояга етмаган фарзандлари бўлмаган эр-хотинлардан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги аризани қабул қилади.

Алоҳида яшовчи эр-хотинни никоҳдан ажратишни қайд этиш уларнинг биргаликда берган аризаларига асосан, улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

Агар эр-хотиндан бири никоҳдан ажралиш тўғрисидаги аризани бериш учун ФҲДЁ органига кела олмаса, у ҳолда эр-хотин номидан биргаликда ёзилган аризани улардан бири топшириши мумкин. Кела олмаган эр ёки хотиннинг аризадаги имзоси нотариал тартибда ёки эр-хотин яшаб турган жойдаги ФҲДЁ органи мудири томонидан тасдиқланган бўлиши керак.

Никоҳдан ажратишни қайд этиш эр-хотиннинг ёки улардан бирининг иштирокида никоҳдан ажратиш ҳақида ФҲДЁ органига ариза берган кундан кейин уч ой ўтгач амалга оширилади ва собиқ эр-хотинларнинг ҳар бирига никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома берилади.

Эр ёки хотиндан бирининг никоҳгача бўлган фамилиясига қайтиши тўғрисидаги истаги никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризасида кўрсатилиши керак.

Никоҳдан суд тартибида ажратиш

Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.

Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.

Никоҳдан ажралишни суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида ФҲДЁ органида қайд этиш эр ёки хотиннинг ёхуд эр ёки хотиндан бирининг ишончнома асосида ҳаракат қилувчи вакилининг никоҳдан ажралишни қайд этиш тўғрисидаги аризаси асосида амалга оширилади. Бунда аризага суднинг ҳал қилув қарори илова қилинади.

Никоҳдан ажралганлик ҳақида такрорий гувоҳнома ва маълумотномалар бериш

Никоҳдан ажралганлик ҳақидаги такрорий гувоҳномалар далолатнома ёзуви қайд этилган тегишли шахсларнинг ўзларига ёки ишончнома асосида бошқа шахсларга берилади.

Никоҳдан ажратилганда никоҳ тузилганлиги ҳақидаги такрорий гувоҳнома берилмайди. Зарур ҳолларда ажрашган шахсларнинг ота-оналари ва фарзандларига уларнинг аризаси асосида никоҳдан ажралганлик қайд этилганлиги ҳақида маълумотнома берилади.

Чет элда яшовчи фуқаро томонидан берилган ҳамда чет тилида тузилган ишончнома белгиланган тартибда легализация қилинган ёки апостиль қўйилган бўлиши лозим.

Никоҳдан ажралганликни қайд этганлик учун ундириладиган тўловлар

Ундириладиган тўловлар:

1. Давлат божи:

  • а) вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотинларнинг ўзаро розилиги бўйича – эр-хотинларнинг биридан ёки иккаласидан энг кам иш ҳақининг 150 фоизи миқдорида (334 500,00 сўм);
  • б) агар эр-хотин биринчи никоҳда бўлса – суд қарорига асосан энг кам иш ҳақининг 150 фоизидан (334 500,00 сўмдан) 300 фоизигача (669 000,00 сўм) бўлган миқдорда (эр-хотиннинг биридан ёки уларнинг иккаласидан);
  • в) эр-хотиндан бири такрорий никоҳда бўлса –  суд қарорига асосан энг кам иш ҳақининг 300 фоизидан (669 000,00 сўмдан) 400 фоизигача (892 000,00 сўмгача) бўлган миқдорда (эр-хотиннинг биридан ёки уларнинг иккаласидан).

 2. Герб йиғими:

  • энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида (33 450,00 сўмгача) (битта гувоҳнома учун); 

3. Пуллик хизмат:

  • ариза тўлдиришда ёрдам берганлик учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 2 фоизи миқдорида (4 460,00 сўм);
  • ҳуқуқий тушунтириш берганлик ва далолатнома ёзувини расмийлаштириш учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида (22 300,00 сўм).

 

ФҲДЁ органлари ҳақида маълумот олиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

ФҲДЁ органи қабулига ёзиши учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Ҳужжатларни легализациялаш ва апостиль қўйиш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Chat