Ҳуқуқий ахборот портали

Чақирилувчилар билан олиб бориладиган ҳарбий хизматга тайёргарлик ишлари қуйидагилардан иборат:

  • чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик;
  • чақирилувчиларнинг ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарлиги;
  • ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга тайёргарлик;
  • жисмоний тайёргарлик, даволаш-соғломлаштириш ишлари;
  • умумтаълим тайёргарлиги;
  • ватанпарварлик руҳида тарбиялаш.

Ташкилий масалалар

Чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг умумий раҳбарлиги остида ўтказилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимликлари чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ишлари молиялаштирилиши ҳамда моддий-техника жиҳатидан таъминланишини амалга оширадилар, ўқув-моддий базасини барпо этадилар, бундай тайёргарликнинг ташкил этилиши учун жавобгар бўладилар.

Чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлашнинг ташкил этилишини, амалга оширилишини ва натижаларини назорат қилиб бориш, чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни услубий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, шунингдек таълим муассасалари бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан амалга оширилади.

Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказлари

    Чақирилувчиларнинг ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарлиги      Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказларида      амалга оширилади.

Йўналиши бўйича ҳарбий ҳисобдаги ихтисосликларга турдош ўрта махсус ва ўрта касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олаётган чақирилувчилар ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича бевосита шу муассасаларда тайёргарликдан ўтадилар.

Ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликдан ўтишга жалб этилган фуқароларнинг машғулотларда иштирок этиши мажбурийдир.

Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш ва ҳарбий хизматга чақирилиш

Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш уларни ҳарбий рўйхатга олиш, уларнинг сонини, ҳарбий хизматга қай даражада яроқли эканлигини, умумтаълим ва жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Фуқароларни қайд этиш туман (шаҳар) мудофаа ишлари органлари ҳузурида ташкил этиладиган чақирув участкаларида амалга оширилади ва рўйхатга олинаётганларнинг турар жойларида ўтказилади.

Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш улар ўн олти ёшга тўлган йили апрель — июнь ойларида амалга оширилади.

Чақирув участкасида қайд этилиш учун фуқаролар чақирув қоғозида кўрсатилган муддатда мудофаа ишлари органларига келишлари ва зарур ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.

Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан йилига бир марта — март-апрель ойларида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори чақирув бошланишига камида бир ой қолганида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Муддатли ҳарбий хизматга кетиш учун танловдан ўтказиш

Фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга кетиш учун танловдан ўтказилади.

Танлов чақирилувчиларнинг қуйидаги уч босқичда:

  • 1. Умумжисмоний тайёргарлигини баҳолаш;
  • 2. Касбий танлов;
  • 3. Якка тартибда суҳбат шаклида туман ҳокими қарори билан тасдиқланадиган Танлов кенгаши томонидан амалга оширилади.

Танлов чақирув йилидан аввалги йилнинг 10 августидан чақирув йилининг 10 февралигача ўтказилади.

Танловга чақириш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, соғлигининг ҳолати бўйича ҳарбий хизматни ўташга яроқли бўлган чақирилувчилар жалб этилади.

Танловда иштирок этишда чақирилувчиларнинг сони чекланмайди.

1. Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш қуйидаги умумжисмоний нормативларни қабул қилиш орқали амалга оширилади:

  • турникда тортилиш;
  • 100 метрга югуриш;
  • 3000 метрга югуриш.

Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражаси қуйидагича баҳоланади:

а) турникда тортилиш бўйича:

  • 12 маротаба ва ундан кўп тортилганда - 5 (аъло);
  • 10-11 маротаба тортилганда - 4 (яхши);
  • 8-9 маротаба тортилганда - 3 (қониқарли);
  • 1 - 7 маротаба ёхуд умуман тортила олмаганда - 2 (қониқарсиз);

б) 100 метрга югуриш бўйича:

  • 14,0 сония ичида бажарган тақдирда - 5 (аъло);
  • 14,1 - 14,4 сонияда бажарган тақдирда - 4 (яхши);
  • 14,5 - 15,0 сонияда бажарган тақдирда - 3 (қониқарли);
  • 15,1 сония ва ундан кўп вақтда бажарган тақдирда - 2 (қониқарсиз);

в) 3000 метрга югуриш бўйича:

  • 12,40 дақиқа ичида бажарган тақдирда - 5 (аъло);
  • 12,40 дақиқадан 13,20 дақиқагача бажарган тақдирда - 4 (яхши);
  • 13,20 дақиқадан 14,0 дақиқагача бажарган тақдирда - 3 (қониқарли);
  • 14,0 дақиқадан кўп вақтда бажарган тақдирда - 2 (қониқарсиз).

2. Касбий танлов компьютердан фойдаланган ҳолда бериладиган саволларга тўғри жавобларни белгилаш йўли билан ўтказилади.

Компьютер хоналарини тайёрлаш учун мудофаа ишлари бошқармаси ва туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлими бошлиғи шахсан масъулдир. Касбий танлов, заруратга кўра, таълим муассасаларининг компьютер хоналаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Чақирилувчиларга касбий танлов ўтказиш тартиби ва саволларга жавоб бериш қоидалари Танлов кенгаши таркибига киритилган мутахассислар (туман (шаҳар) халқ таълими бўлими вакили, умумий ўрта таълим муассасаларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси) томонидан тушунтириб ўтилади.

Саволларнинг сони 60 тани ташкил этиб, уларга жавоб бериш учун 1 соат 30 дақиқа вақт ажратилади.

Чақирилувчилар томонидан белгиланган жавоблар қуйидаги баҳолаш мезонларига мувофиқ баҳоланади:

  • 56 - 60 та саволга тўғри жавоб учун - 5 (аъло);
  • 51 - 55 та саволга тўғри жавоб учун - 4 (яхши);
  • 46 - 50 та саволга тўғри жавоб учун - 3 (қониқарли);
  • 45 та ва ундан кам саволга тўғри жавоб учун - 2 (қониқарсиз).

Касбий танловдан 5 (аъло), 4 (яхши), 3 (қониқарли) баҳо олган чақирилувчилар билан якка тартибда суҳбат ўтказилади, 2 (қониқарсиз) баҳо олган чақирилувчилар эса мазкур тадбирга қўйилмайди.

Чақирилувчиларга касбий танловни такроран топширишга рухсат берилмайди.

3. Якка тартибда суҳбат чақирилувчининг ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка ёки муддатли ҳарбий хизматга бориш сабабини, етакчилик фазилатлари, ақлий қобилияти ва бошқа муҳим профессионал хусусиятларини аниқлаш мақсадида умумжисмоний тайёргарлик даражаси ва касбий танлов натижалари асосида ўтказилади.

Якка тартибда суҳбат коллегиал принцип бўйича Танлов кенгаши томонидан ўтказилади.

Якка тартибда суҳбат якунида Танлов кенгаши чақирилувчини муддатли ҳарбий хизматга кетиш учун чақирув комиссиясига тавсия беради.

Чақирув комиссиялари   

Фуқароларнинг ҳарбий ва муқобил хизматга чақирувини ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда, шаҳарларда ҳамда туманларда чақирув комиссиялари тузилади.

Фуқароларни туманлардаги (шаҳарлардаги) чақирув участкаларида қайд этиш учун таркибига мудофаа ишлари органлари вакиллари, мутахассис врачлар киритиладиган тегишли комиссиялар тузилади. 

Чақирув участкаларида қайд этиладиган фуқароларни тиббий кўрикдан турли йўналишдаги врачлар, шу жумладан жарроҳ, терапевт, невропатолог, психиатр, кўз касалликлари, қулоқ, томоқ, бурун касалликлари, тиш касалликлари мутахассислари, зарурат бўлганда эса, бошқа ихтисосдаги врачлар ўтказади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш қуйидагиларни аниқлаш мақсадида амалга оширилади

  

1. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини саломатлигига кўра қуйидаги идораларда ҳарбий хизматга яроқлилигини аниқлаш

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат хавфсизлиги хизмати (ПХДХ)

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (ИИВ)

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ)

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус авария-тиклаш бошқармасида (15361-ҳарбий қисм)

хизмат фаолияти ҳақиқий ҳарбий хизматга тенглаштирилган (тенглаштирилган хизмат)

бошқа вазирлик ва идораларда

2. фуқаролар соғлиги ва жисмоний ривожланишининг ҳолатига нисбатан қўйиладиган талабларга мувофиқ уларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари турлари, қўшин шаклларига ва ҳарбий мутахассисликка тўғри тақсимлаш учун кўрсатмаларни аниқлаш

3. ҳарбий хизмат (ҳарбий йиғинлар), тенглаштирилган хизматни ўташ даврида фуқаролар томонидан орттирилган касалланиш, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатланишнинг сабабий боғлиқлигини аниқлаш

4. ҳарбий хизматчиларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг соғлиғини тиклаш турлари, ҳажми ва муддатини аниқлаш

  

  

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган ёшлар соғлиғига бўлган талаблар ҳақида тўлиқ ва батафсил маълумот олиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

Чақирилувчини тиббий кўрикдан ўтказиш, унинг маънавий ва касбий фазилатларини, шунингдек оила аъзоларининг моддий ва ижтимоий аҳволини ўрганиш натижаларига мувофиқ туман (шаҳар) чақирув комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини чиқаради    

ҳарбий хизматга яроқлилиги ва қўшин турини белгилаган ҳолда ҳарбий хизматга чақириш тўғрисида;

ҳарбий хизматга яроқлилиги ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга тайинлаш тўғрисида;

ҳарбий хизматга яроқлилиги ва муқобил хизматга чақириш тўғрисида;

саломатлигига кўра ҳарбий хизматга вақтинча яроқсизлиги тўғрисида;

ҳарбий хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш тўғрисида ёки чақирилишдан озод қилиш тўғрисида;

саломатлигига кўра тинчлик давридаги ҳарбий хизматга яроқсизлиги, уруш давридаги ҳарбий хизматга чекланган равишда яроқлилиги ва захирага ўтказиш тўғрисида;

ҳарбий хизматга яроқсиз деб топиб, ҳарбий рўйхатдан чиқариш тўғрисида.

Чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш туман (шаҳар) чақирув комиссиясининг қарори асосида уларнинг оилавий шароитига кўра, саломатлигига кўра, ўқишни давом эттириши учун амалга оширилади.

Чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини оилавий шароитга кўра кечиктириш  

1) чақирилувчининг ота-онаси меҳнатга қобилиятсиз бўлиб, уларни боқиши шарт бўлган меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса. Ота-онанинг меҳнатга қобилиятсизлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланади;

2) чақирилувчининг меҳнатга қобилиятли ёлғиз онаси ёки отаси бўлиб, уларнинг қарамоғида ўн олти ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлгани ҳолда меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса;

3) чақирув кунида чақирилувчининг туғишган ака-укаларидан бири муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бўлса;

4) чақирилувчининг онасиз тарбияланаётган вояга етмаган бир фарзанди бўлса;

5) чақирилувчининг биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирон хотини ва вояга етмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлса.

Қайси ҳолатларда фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилишдан озод қилинадилар   

1) саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган чақирилувчилар;

2) яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этган чақирилувчилар;

3) рўйхатдан ўтган диний ташкилотлардан бирида диний рутба эгаси бўлган чақирилувчилар.

2-бандда кўрсатилган шахслар ўз розиликлари билан ҳарбий хизматга чақирилишлари мумкин.

Жиноий жавобгарликка тортилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилмайдилар.

Ҳарбий хизматга чақирилиш муносабати билан фуқароларга бериладиган кафолатлар   

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликдан ўтаётган чақирилувчиларнинг иш жойи ва эгаллаган лавозими, шунингдек ўртача иш ҳақи уларнинг бутун тайёргарлик даврида, шу жумладан ўқиш (йиғинлар) ўтказиладиган жойга бориш ва у ердан қайтиб келиш даврида сақланиб қолади.

Чақирилувчиларга уларнинг таълим олиш (йиғинлар) даврида уй-жой ижарасига кетган харажатлари қопланиши, ўқиш ўтказиладиган жойга бориш ва у ердан қайтиб келиш (агар бу бошқа аҳоли пунктига бориш билан боғлиқ бўлса) йўл кираси ҳамда ўртача иш ҳақи тўланиши уларнинг асосий иш жойида амалга оширилади. Ишламайдиган чақирилувчиларнинг ана шундай харажатлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридаги нафақа тегишли ҳокимликлар томонидан қопланади (тўланади).

Фуқароларни ҳарбий рўйхатга киритиш    

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва ҳарбий хизматдан бўшатилганидан кейин турар жойига етиб борган шахслар уч кунлик муддат ичида тегишли мудофаа ишлари органларига келишлари шарт.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар турар жойи бир ярим ойдан кўпроқ муддатга ўзгарган, уч ойдан кўпроқ муддатга хизмат сафарига, ўқиш, таътил ёки даволанишга борган тақдирда турар жойларидаги ҳарбий рўйхатдан чиқишлари, янги турар жойга (доимий ёки вақтинчалик) келганларидан кейин уч кунлик муддат ичида ҳарбий рўйхатдан ўтишлари шарт.

Уруш даврида ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг туман (шаҳар) мудофаа ишлари органи бошлиғининг рухсатисиз доимий турар жойидан бошқа жойга кетиши ман этилади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатиб ўтилган ҳолларда ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳарбий рўйхатдан чиқиш ва ҳарбий рўйхатда туриш учун ҳарбий-ҳисоб ҳужжатларини мудофаа ишлари органига топширишлари лозим. Қишлоқ жойларга борган ёки у ерлардан жўнаб кетаётган ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳарбий-ҳисоб ҳужжатларини тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига топширишлари керак.

Қуйидагилар ҳарбий рўйхатидан чиқарилиши лозим  

1) тиббий комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилиб, ҳарбий рўйхатдан чиқарилган фуқаролар;

2) резервда ёки захирада бўлиш ёшининг чегарасига етган фуқаролар;

3) чет элга доимий яшаш учун жўнаб кетаётган фуқаролар;

4) вафот этган ёки қонунда белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилган фуқаролар.

Ҳарбий меҳнатнинг соғлиққа қарши ва ўта оғир шароити билан боғлиқ лавозимлар ва ҳарбий ҳисоб мутахассисликлар рўйхати билан танишиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий округларнинг ишонч телефонлари