Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш тартиби

 Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш “E-IJRO AUKSION” орқали амалга оширилади.

Қуйидаги тоифалар учун 0,04 гектар ер майдони аукционсиз берилади:

  • ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларига;
  • ўзлари эгаллаб турган уй-жойни туман (шаҳар) ҳокимликларига ўтказаётган фуқаролар ва мулкдорларга берилади.

Мазкур тоифалар ер майдони ажратиш учун туман (шаҳар) ҳокимликларига ариза билан мурожаат қилишлари зарур.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • доимий яшаш жойи бўйича турар жойларнинг кадастр иши нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);
  • юқоридаги имтиёзни тасдиқловчи ҳужжатлар.

Туман (шаҳар) ҳокими томонидан ер ажратиш учун барча асослар мавжуд бўлганда, 10 кун ичида тегишли қарор қабул қилинади.

Фуқаролар “E-IJRO AUKSION” орқали бўладиган аукционда электрон буюртманомалар бериш орқали қатнашишлари мумкин.

Қуйидагилар аукционда қатнашмайди:

  • фуқаролиги бўлмаган шахслар;
  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган шахслар–Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ер ажратиш учун бўладиган танловларда.

 Аукционга қатнашиш учун фуқаролар сотувга қўйилган ер майдонининг 50 фоизи миқдорида закалат тўлашлари лозим.

Якка тартибда уй-жой қуриш тартиби

Якка тартибда уй-жой қуриш учун фуқароларга ер майдони ажратиш туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан ёки “E-IJRO AUKSION” орқали амалга оширилади.

Фуқаронинг ҳокимлик томонидан ажратилган ёки ўзига тегишли ер участкасида якка тартибда уй-жой қуриш учун қурилишни амалга оширишга рухсат олиши ёхуд лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиши талаб қилинмайди.

Фуқаролар якка тартибда уй-жой қуриш учун тегишли лицензияга эга бўлган лойиҳа институтларига буюртма берган ҳолда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишлари мумкин.

Лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилганидан сўнг тегишли тартибда туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари томонидан кўриб чиқилиши ва келишилиши лозим.

Якка тартибда уй-жой қуриш учун фуқаролар банклардан ипотека кредитлари олишлари мумкин.

Фуқаролар қишлоқ жойларида намунавий арзон уй-жой қуришлари мумкин.

Фуқаролар якка тартибда уй-жой қурилиши тугаллангандан кейин туман (шаҳар) ҳокими томонидан уй-жойни фойдаланишга қабул қилиш юзасидан ташкил этиладиган қабул қилиш комиссиясига мурожаат қилади.

Қабул қилиш комиссиясининг далолатномаси туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан тасдиқлангандан кейин бир ой мобайнида фуқаро уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиалига мурожаат қилишлари шарт.

Намунавий лойиҳалар асосида қурилган арзон уй-жойларни қабул қилиш белгиланган талаблар амалга оширилади.

Фуқароларнинг ўзлари томонидан якка тартибда уй-жой қуриш учун ипотека кредитлари ажратиш тартиби

 Фуқаролар якка тартибда уй-жой қуриш учун банкларидан ипотека кредитлари олишлари мумкин. Бунинг учун улар қурмоқчи бўлган уй қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги ўз маблағига эга бўлиши керак.

 Фуқаролар (қарз олувчилар) банкдан кредит олиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилади:

  • якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);
  • қарз олувчи ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг даромадлари тўғрисида иш жойидан (доимий иш жойи мавжуд бўлганда) маълумотнома ёки даромадлар тўғрисидаги декларацияларнинг давлат солиқ органи томонидан тасдиқланган нусхалари;
  • якка тартибда уй-жой қуришга белгиланган тартибда келишилган ва қарз олувчи томонидан тасдиқланган лойиҳанинг нусхаси;
  • қуриладиган уйнинг камида 25 фоизи миқдорида пулни тўлаганлиги тўғрисида банк маълумотномаси;
  • ариза берувчининг оиласи таркиби тўғрисида яшаш жойидан берилган маълумотнома ва унинг паспорти нусхаси.

Ипотека кредити беришда қурилаётган уй-жой у жойлашган ер участкаси билан бирга гаровга қўйилади.

Бериладиган кредитлар бўйича муддат ва кредитдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси банк ва қарз олувчи ўртасидаги битим бўйича, банкнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ белгиланади.

Банк томонидан бериладиган ипотека кредити нақд пулсиз шаклда амалга оширилади. Бунда қарз олувчига алоҳида ҳисоб рақами очилиб, ундан қарз олувчининг ёзма топшириқномаси асосида қурилиш материаллари сотиб олиш учун савдо ташкилотлари ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банклардаги ҳисобрақамларига тўловларни амалга ошириш учун маблағ ўтказиб берилади.

Якка тартибда уй-жой қуриш қарз олувчининг бевосита ўзи томонидан (хўжалик усулида) бажарилган тақдирда, кредит шартномасида келишилган кредит суммасининг 20 фоизгача бўлган қисми қарз олувчига нақд пул шаклида беришга йўл қўйилади.

Банк томонидан ипотека кредитлари қарз олувчининг банк кредит карточкаларига ўтказиш йўли билан ҳам берилиши мумкин. Бунда банк кредит карточкасидаги маблағлар фақат якка тартибда уй-жой қуриш учун фойдаланилиши зарур.

Қарз олувчи банк кредит пластик карточкаси воситасида амалга оширилган операциялар тўғрисида ҳисобот тақдим этиши керак.

Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

"Ипотека-банк" АТИБ ҳудудий филиаллари ҳақида маълумот олиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

"Ипотека-банк" АТИБга мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Chat