Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

“Ёшлар уйлари”ни сотиб олиш учун 30 ёшдан ошмаган фуқаролар доимий рўйхатдан ўтган жойдаги Ёшлар иттифоқининг тегишли туман (шаҳар) кенгашларига мурожаат қилишлари лозим.

Тақдим қилинган ҳужжатлар тегишли комиссиялар томонидан кўриб чиқилади.

Қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

  • Ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгаши раиси номига ариза;
  • никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси, фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган ёлғиз ота ёки ёлғиз онанинг илгари никоҳда бўлмаганлиги ёхуд никоҳдан ажралганлиги, бева эркак (бева аёл) тўғрисида ФҲДЁ органидан берилган маълумотнома;
  • оиланинг таркиби тўғрисида яшаш жойидан берилган маълумотнома ва оила аъзоларининг паспортлари (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар) нусхалари;
  • яшаш жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган ёш оиланинг турар жой шароитлари белгиланган шартларга мувофиқлиги тўғрисидаги маълумотнома;
  • иш берувчининг муҳри билан тасдиқланган меҳнат дафтарчаси нусхаси;
  • ариза берувчининг (оила аъзоларининг) охирги 12 ойдаги даромадлари тўғрисида маълумотномалар ёки уларнинг яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган ариза берувчининг (оила аъзолари — эр ва хотиннинг) охирги 12 ойдаги даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг нусхалари;
  • Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган эр-хотинда мулк ҳуқуқи билан турар жой йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома;
  • ёш оиланинг уй-жойни олиш ҳуқуқини берувчи тоифага мансублигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар.

“Ёшлар уйлари”ни ёши 30 дан ошмаган қуйидаги фуқаролар сотиб олиши мумкин:

  • турар жой шароитларини яхшилашга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган ҳамда фан, санъат, адабиёт, спорт соҳасида ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришган ёш оилалар (давлат мукофотлари, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиблари, нуфузли халқаро ва республика мусобақалари, танловлар ва олимпиадалар совриндорлари);
  • Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида камида уч йил мобайнида фаолият олиб бораётган ижтимоий фаол ёш оилалар (Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши тақдимномаси асосида);
  • фаолият юритаётган меҳнат жамоасида алоҳида намуна ва хизмат кўрсатган ёш оилаларга (давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларининг раҳбарлари тавсиясига кўра Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши тақдимномаси асосида).

Қуйидагилар ёш оила сифатида эътироф қилинади:

  • ёшлар уйини ипотека кредити асосида сотиб олиш учун ҳисобга қўйиш тўғрисида ариза берилган пайтда эр-хотиннинг иккиси ҳам 30 ёшдан ошмаган оила;
  • фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган 30 ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила;
  • 30 ёшдан ошмаган никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл)дан иборат оила.

Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг ҳисобда турган ёш оилаларга улар учун зарур бўлган турар жой майдони мавжудлигидан келиб чиқиб кетма-кетлик тартибида тақдим этилади. Агар:

  • эр-хотиннинг ҳар иккиси етимлар — «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари бўлса;
  • имтиёзли ипотека кредити олувчи оила аъзоларининг бири ёки бир нечтаси сурункали касалликларнинг ўткир шаклларидан азоб чекса.
  • имтиёзли ипотека кредити олувчи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида камида уч йил мобайнида фаолият олиб бораётган ижтимоий фаол ёшлардан бўлса, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг тавсияномаси навбатдан ташқари берилади.

Ёшлар уйларини сотиб олишда бошланғич бадал тўлаш талаб қилинмайди.

Ипотека кредити Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизига тенг бўлган фоизли ставка билан 20 йил муддатга берилади.

Chat