Ҳуқуқий ахборот портали

Тиббий кўрик фуқароларнинг соғлиғи транспорт воситаларини бошқаришга яроқлилигини текшириш мақсадида ўтказилади.

Ҳайдовчиликка номзодлар дастлабки тиббий кўрикдан (ўқишга киришда ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда), тижорат асосида йўловчиларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар эса даврий (2 йилда бир марта) кўрикдан ўтказилади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасаларига ўқишга киришдан 1 ой олдин тиббий кўрикдан ўтилади.

Тиббий кўрик пуллик асосда шифокор мутахассислардан иборат таркибда тиббий комиссия  томонидан ўтказилади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш муддати 3 календарь кунигача.

Тиббий кўрик текширувлари
  • флюорография (агар охирги 12 ой ичида флюорографик текширувидан ўтганлиги натижаси мавжуд бўлса такроран ўтиш талаб этилмайди);
  • RW қон;
  • терапевт;
  • жарроҳ;
  • невропотолог;
  • офтальмолог;
  • оториноларинголог;
  • гинеколог (хотин-қизлар учун);
  • ЭКГ (55 ва ундан катта ёшдагилар).

Тиббий кўрикни ўташда тақдим этиладиган ҳужжатлар
  • паспорт (шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат);
  • 3,5 х 4,5 см ўлчамдаги иккита рангли фотосурат;
  • руҳий-асаб диспансери маълумотномаси;
  • наркологик диспансер маълумотномаси;
  • тиббий кўрикдан ўтиш учун тўлов квитанцияси (тўлов миқдори тиббий муассаса томонидан белгиланади).

Тиббий кўрикдан ўтаётган шахсларга 083/ҳ шаклдаги тиббий маълумотнома берилади.

Кўзойнак ёки эшитиш аппарати билан транспорт воситаларини бошқаришга яроқли деб топилганда тиббий маълумотномадаги «алоҳида белгилар» сўзларидан сўнг «кўзойнак (контакт линза) тақиш мажбурий» ёки «эшитиш аппарати мажбурий» деган белги қўйилади.

083/ҳ шаклдаги тиббий маълумотномаси дубликатини олиш

083/ҳ шаклдаги тиббий маълумотномасини йўқотган шахсларга уларнинг мурожаатларига асосан маълумотноманинг дубликати берилади. Ушбу дубликат асосий маълумотноманинг кўрсатилган муддатигача берилади ва унга «дубликат» белгиси қўйилади.

Шахслар тиббий кўрик натижалари бўйича транспорт воситасининг бирон тоифасини ёки бир нечта тоифаларини ёхуд умуман транспорт воситаларини бошқаришга нолойиқ деб топилиши мумкин.

Chat