Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Давлат уй-жой фондига қуйидагилар киради:

  • муниципал уй-жой фонди — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлган, маҳаллий бюджетга тушган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар бўйича бошқа тушумлар ҳисобидан барпо этилган уй-жой фонди;
  • идоравий уй-жой фонди — давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг тўла хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида бўлган уй-жой фонди;
  • аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлган, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан барпо этилган, шунингдек, хусусий, муниципал, идоравий уй-жой фондидан олиб уларнинг балансига берилган, фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган, кам таъминланган тоифалари учун хусусийлаштириш ҳуқуқисиз ижара шартлари асосида фойдаланиш учун берилган уй-жой фонди.

Уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси:

Уй-жой фондининг ижтимоий нормаси:

  • бир киши ҳисобига - 16 кв/м кам бўлмаган;
  • кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун эса – 23 кв/м кам бўлмаган.

Эр-хотиндан ташқари турли жинсга мансуб шахсларни бир хонага ёки бир хонали квартирага жойлаштирилишига йўл қўймаслик мақсадида  ижтимоий нормадан ортиқча турар жой берилиши мумкин.

Айрим сурункали касалликларнинг оғир турлари билан касалланган фуқароларга, шунингдек, бажараётган иш шароитлари ва хусусиятига кўра қўшимча майдон зарур бўлган фуқароларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган рўйхат бўйича, шунингдек бажараётган иш шароитлари ва хусусиятига кўра қўшимча майдон зарур бўлган фуқароларга бундай майдон миқдори кўпайтирилиши мумкин.

Қуйидагилар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб ҳисобланади:
  • а) турар жой майдонига эга бўлмаган ёки яшаш учун яроқсиз уй-жойлар (бараклар, вақтинчалик уйлар, авария ҳолатидаги уйлар, ертўлалар)да яшовчи фуқаролар;
  • б) ҳар бир оила аъзоси ўн олти квадрат метрдан, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун — йигирма уч квадрат метрдан кам бўлган турар жой билан таъминланганлар;
  • в) ётоқхоналарда, ишлаб чиқариш ва хизмат хоналарида яшовчилар, бундан мавсумий ва вақтинчалик ходимлар, шунингдек, ўқишлари сабабли ётоқхоналарга кўчиб ўтган фуқаролар мустасно;
  • г) қариндошлик алоқалари бўлмаган икки ва ундан кўп оила бўлиб бир квартирада яшовчилар;
  • д) алоҳида квартирада яшашга муҳтож бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган айрим сурункали касалликларнинг оғир шаклларига чалинганлар;
  • е) уй-жой ажратилаётган аҳоли пунктида камида уч йил яшаётган ва рўйхатда турган фуқаролар.

Қуйидагилар аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жой бериладиган фуқаролар ҳисобланади:
  • а) 1941 - 1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва байналминал жангчилар;
  • б) шартнома бўйича ҳарбий хизматдан захирага бўшатилган ёки истеъфога чиққан ҳарбий хизматчилар;
  • в) қуйидаги оғир турдаги сурункали касалликларга чалинган фуқаролар:
  • дисфория, шахсиятининг ўзгариши ва ақли заифлик билан кечадиган эпилепсия;
  • тез-тез такрорланиши оқибатида мувозанатдан чиқарувчи аффектив ва васваса синдроми билан кечадиган сурункали психозлар;
  • сурункали шизофрения;
  • ақлий нуқсон (деменция) билан кечадиган бош миянинг органик касалликлари;
  • руҳий ўзгаришлар билан кечадиган бош мия қон-томир касалликлари;
  • руҳиятнинг ўзгариши оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлигига чалинган шахслар;
  • ахлатли ва сийдикли оқмалар, шунингдек ахлат ва сийдикни тута олмаслик;
  • кўп миқдорда суюқлик ажратувчи хавфли ўсмалар;
  • кўп миқдорда суюқлик ажралиши билан кечадиган тери тошмалари;
  • оёқ гангренаси;
  • ўпка ва бошқа аъзолар силининг сил микробактерияларини ажратаётганлиги такрорий лаборатор текширув натижасида тасдиқланган фаол (юқумли) турлари;
  • мохов касаллиги;
  • г) 16 ёшгача етти нафар ва ундан зиёд болалари бўлган кўп болали оилалар;
  • д) чин етим болаларни васийликка олган оилалар;
  • е) уч нафар ва ундан зиёд меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари бўлган, боқувчисини йўқотган оилалар;
  • ж) ишламайдиган I ва II гуруҳ ногиронлари;
  • з) кексайиб қолган ёлғиз пенсионерлар — ёлғиз яшайдиган кексалар, вояга етмаган болалар ёхуд қамоқда ва жазони ўташ муассасаларида, узоқ муддат даволанишда бўлган шахслар билан бирга яшайдиган ўзгалар парваришига муҳтож бўлган пенсия ёшидаги шахслар (60 ёшга етган эркаклар, 55 ёшга етган аёллар);
  • и) болаликдан ногирон бўлиб қолган 16 ёшгача ёки болаликдан I ва II гуруҳ ногирони бўлиб қолган болалари бўлган оилалар.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга қўйиш

Ташкилотларда ишлаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш уларнинг иш жойида ёки истагига кўра яшаш жойида фуқаро томонидан тегишли туман (шаҳар) ҳокими номига (идоравий уй-жой фондида мазкур ташкилотнинг раҳбари номига) ариза бериш йўли билан амалга оширилади.

Ариза ва зарур бўлган ҳужжатлар жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки ташкилотларнинг тегишли комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Фуқароларнинг уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлиги тўғрисидаги нотўғри маълумотларни тақдим этганлиги, бошқа фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари бузилганлиги ва уй-жойни тақдим этиш бўйича масалани ҳал этишда мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари аниқланганлиги уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритишни рад этишга асос бўлади.

Фуқаролар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритиш рад этилганлигидан норози бўлган тақдирда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки ташкилотларнинг юқори турувчи органларига, шунингдек, судга шикоят қилиши мумкин.

Вақтинча яшамаган фуқаролар турар жойининг сақланиши

Муниципал, идоравий коммунал уй-жой фондларидаги уйларни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча ўша уйда яшамаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.

Вақтинча яшамаган фуқароларнинг турар жойи қуйидаги ҳолларда олти ойдан ортиқ муддатга сақланиб туради:

  • ҳарбий хизматга чақирилганда – чақирув бўйича ҳарбий хизматни ўташнинг бутун даври мобайнида;
  • контракт бўйича ҳарбий хизматга кирилганда – контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташнинг бутун даври мобайнида;
  • иш шароитлари ва хусусияти бўйича, чет элга хизмат сафарида бўлиш ёки таълим олиши муносабати билан доимий яшаш жойидан вақтинча жўнаб кетилганда – ушбу ишни бажариш, хизмат сафарида бўлиш ёки таълим олишнинг бутун даври мобайнида;
  • болалар тарбиялаш учун болалар муассасасига, қариндошларга ёки ҳомийларга, васийларга топширилганда – агар болалар чиқиб кетган турар жойда оиланинг бошқа аъзолари яшаш учун қолган бўлса – бутун ўша давр мобайнида. Агар болалар чиқиб кетган турар жойда уларнинг оила аъзолари яшаш учун қолмаган бўлса, болаларнинг муассасада бўлиши муддати тугагунча ёки қариндошлар ёхуд ҳомийлар, васийлар қарамоғидан қайтиб келган болалар вояга етгунча, шунингдек тегишли ҳолларда таълим муассасаларида ўқиш тугагунча ёхуд ҳарбий хизмат муддати тамом бўлгунча ушбу турар жой ижара шартномаси асосида бошқа фуқароларга бериб турилиши мумкин;
  • ҳомий, васий вазифасини бажариш муносабати билан жўнаб кетганда – ушбу вазифаларни бажаришнинг бутун даври мобайнида;
  • даволаниш учун даволаш-профилактика муассасаларига жўнаб кетилганда – даволанишда бўлган бутун давр мобайнида;
  • қамалганда ёки ушбу турар жойда яшаш имкониятини истисно этувчи бошқа жазо чорасига маҳкум этилганда – агар турар жойда оиланинг бошқа аъзолари яшаш учун қолган бўлса – қамоқда бўлишнинг ёки жазони ўташнинг бутун даври мобайнида.

Мазкур кўрсатилган муддатлар тугаган кундан бошлаб олти ой мобайнида фуқароларнинг турар жойи сақланиб қолинади.

Навбатдан ташқари уй-жой қуйидагилар учун берилади:
  • а) уй-жойи табиий офат оқибатида яшаш учун яроқсиз ҳолга келган фуқаролар;
  • б) давлат болалар муассасаларидан, қариндошларидан, васийлардан қайтган фуқаролар, агар қонун бўйича илгари эгаллаб турган уй-жой учун ҳуқуқи сақланиб қолинган бўлса, бироқ ушбу уй-жойга кўчиб кириш имкони бўлмаса. Ушбу ҳолларда болалар жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан уй-жойлар билан таъминланадилар;
  • в) ноқонуний жавобгарликка тортилган ва кейинчалик реабилитация этилган фуқаролар, агар улар аввал эгаллаб турган уй-жойини қайтариб олиш имконига бўлмаса. Реабилитация қилинган фуқаролар суд ҳукми ижро этилгунга қадар яшаган ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан уй-жой билан таъминланади;
  • г) бошқа аҳоли пунктларидан ўтказилган ёки таклиф қилинган раҳбарлар ва мутахассислар, шунингдек лавозимга сайланган шахслар, агар бу бошқа жойга кўчиб ўтиш билан боғлиқ бўлса.

Уй-жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш

Уй-жой фондига эга бўлган ташкилотлар уларнинг касаба уюшмаси билан биргаликда уй-жойларни тақсимлайди.

Фуқароларга яшаш учун тақдим этиладиган уй-жой белгиланган санитария, ёнғинга қарши ва техник талабларга жавоб бериши зарур.

Фуқароларни бўшаган уй-жой сифатида авария ҳолатидаги ва нураган уйлар, ертўлалар, барак ва яшаш учун мос бўлмаган бошқа биноларга, шунингдек бузиш, капитал таъмирлаш ёки нотурар уйлар тоифасига киритилиши лозим бўлган турар жойларга жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.

Турар жойларни тақдим этишда эр ва хотиндан ташқари битта хонага ёки бир хонали квартирага турли жинсдаги шахсларни жойлаштириш тақиқланади.

Ногиронлар, қариялар, юрак-қон томир ва бошқа оғир касалликлар билан хасталанган фуқароларга турар жой уларнинг истагига кўра кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидан ёки лифт билан жиҳозланган уйлардаги квартира берилади.

Тақдим этиладиган уй-жойнинг ўлчамини белгилашда, оилада ҳомиладор аёлнинг борлиги эътиборга олиниши лозим.

Турар жойга жойлашиш учун ордер бериш тартиби

Муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидан турар жой бериш тўғрисидаги қарор асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органи уч иш кунида фуқарога берилган турар жойга кўчиб кириш учун асос бўладиган ягона намунадаги ҳужжат (ордер) беради.

Ҳужжат (ордер) фақат бўш турган алоҳида турар жойга, янги қурилган уйларда эса, давлат комиссиясининг уйни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги далолатномаси тасдиқланганидан кейингина туман, шаҳар (шаҳар таркибига кирувчи туман) ҳокими қарори билан берилиши мумкин.

Фуқаро ва унинг оила аъзолари ордер берилган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида турар жойга кўчиб кириши лозим.

Турар жойни ижарага бериш тартиби

Турар жойни ажратиш ҳақидаги қарор ва ажратилаётган турар жойга кўчиб кириш учун асос бўлган ордер асосида, ижарага берувчи ордер берилган санадан бошлаб ўн кун муддатда ижарага олувчи билан белгиланган намунадаги шаклда ижара шартномасини тузади.

Давлат уй-жойидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи турар жойнинг умумий майдонидан келиб чиқиб, турар жойнинг 1 кв.м. учун Тошкент шаҳрида бир йилга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи, бошқа вилоятларда 1 фоизи миқдорида белгиланади ва бу миқдор ушбу календарь йилида ўзгармай қолади.

Турар жойни ижарага олиш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Агар шартномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у беш йилга тузилган деб ҳисобланади.

Ижарага берувчи томонидан эътироз бўлмаган тақдирда, ижарага олувчи шартнома муддати тугаганидан кейин ҳам турар жойдан фойдаланишни давом эттирса, шартнома аввалги шартларда қайта тузилган деб ҳисобланади.

Қуйидаги ҳолларда фуқаролар давлат уй-жой фондидаги уйлардан бошқа турар жой бермасдан чиқариб юборилади:
  • ижарага олинган турар жой ўз мақсади бўйича фойдаланилмаганда;
  • турмуш қоидаларини мунтазам равишда бузиб бошқаларга квартира ва уйда яшаш имкониятини бермаётганда;
  • ижара ҳақини тўланмаганда (узоқ муддатда тузилмаган шартномалар бўйича 6 ойдан ортиқ, қисқа муддатли шартнома бўйича эса 2 ойдан ортиқ).

 

 

Турар жойни ижарага бериш шартномаси намунаси билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Судга мурожаат қилиш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

 

 

Chat