Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Эътиборли жиҳатлар:

  • ҳокимларнинг уй-жойларни бузиш тўғрисидаги қарор нусхаси бузиш бошланишидан 6 ой олдин мулкдорларига имзо қўйдирилган ҳолда топширилиши лозим;
  • уй-жойнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин уни бузишга рухсат берилади;
  • ўзбошимчалик билан қурилган уйлар ўрни қопланмайди.

К​​​​​​омпенсация турлари:

  • бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш
    • Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун уйлар бузилганда, мулкдорнинг танловига мувофиқ бузилаётган уй-жойга тенг миқдорда уй-жой мулк қилиб берилади.

    Агарда бузилаётган уй қиймати берилаётган турар жойдан ортиқ бўлса, мулкдорга орадаги фарқ тўланиши лозим.

    • Турар жой олиш учун бузилаётган уй эгаси бўлажак бузиш тўғрисида билдиришнома олинганидан кейин бир ой муддатда тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларига ариза билан мурожаат қилиши зарур. Аризада оила таркиби, доимий яшайдиганлар сони, турар жой майдонининг ижтимоий нормасидан ортиқча қўшимча уй-жой майдони олиш учун имтиёзлар кўрсатилади.
    • Бузилаётган уй эгасининг мол-мулкини янги квартирага ташиш иморат қурувчининг ёки олиб қўйилаётган ер участкаси ўзига ажратиб берилган бошқа ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарачи)нинг маблағлари асосида амалга оширилади.
  • бузилаётган объектлар қийматини пул шаклида тўлаш
  • якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси бериш, бунда уни ўзлаштириш даврига 2 йилгача ижара шартномаси асосида вақтинча яшаш учун уй-жой берилади, бузилаётган объктларнинг қиймати тўлиқ тўланади
    • Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун уйлар бузилганда, мулкдорнинг танловига мувофиқ бузилаётган уй ўрнига якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратилади.

    Бунда ер участкасини ўзлаштириш даврига икки йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилиб, бузилаётган уйлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўлалигича қопланади.

    • Бузилаётган уй эгаси ер участкаси олиш учун бўлажак бузиш тўғрисида билдиришнома олинганидан кейин бир ой муддатда тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларига ариза билан мурожаат қилишлари зарур.
    • Уй якка тартибда уй-жой қуриш учун мулкдорга кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланганидан ва ер участкаси ажратилгандан, шунингдек, ер участкасини ўзлаштириш даврида икки йилгача муддатга ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилгандан кейин бузилиши мумкин.
  • бузилиши керак бўлган объектни кўчириш ва янги жойда тиклаш
    • Фуқаролар ва юридик шахсларга тегишли бузилиши лозим бўлган уйлар уларнинг хоҳишига кўра кўчирилиши ва янги жойда тикланиши мумкин.
    • Фуқаролар ва юридик шахсларга турар жойни кўчириш ва тиклаш даврида икки йилгача муддатга ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилади.

    Уйларни кўчириш ва янги жойда тиклаш тегишли туманлар (шаҳарлар)нинг ҳокимликлари томонидан белгиланадиган, бироқ бир йилдан кеч бўлмаган муддатда амалга оширилади.

  • янги жойда объектлар қуриш ҳамда уларни мулк қилиб бериш
    • Уйлари бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахслар учун уларнинг хоҳишига кўра янги жойда уйлар, иморатлар барпо этилади ҳамда уларга мулк қилиб берилади. Бунда бузилаётган уйларнинг қиймати пул билан қопланмайди;
    • Фуқаролар ва юридик шахслар бузиладиган уйлари ўрнига янги жойда қурилган уйни олиш учун бузиш тўғрисидаги билдиришнома олингандан кейин бир ой муддатда тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ариза беришлари керак;
    • Уйлари бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахслар учун янги жойда уй қуриш бузилаётган уй жойлашган аҳоли пункти доирасида амалга оширилади. Бунда уйлари бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахсларга янги жойда уй, иморат қуриш даврида ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилади;
    • Турар жойни вақтинча ижарага олиш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мол-мулкини вақтинча берилган турар жойга ва вақтинча берилган турар жойдан янги жойда қурилган уйга ташиш бўйича барча харажатлар тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг қарорига кўра иморат қурувчи ёки ер участкаси ажратилган бошқа ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарага олувчи)нинг ҳисобига амалга оширилади.

Компенсация олиш учун уйлар, олиб қўйилаётган ер участкаларидаги кўп йиллик дов-дарахтларни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан аризачи (мулкдор)нинг маблағлари асосида амалга оширилади

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун уйларни бузиш учун асос бўладиган ҳолатлар:

  • мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни тақдим этиш;
  • халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
  • фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;
  • автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);
  • аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектлар қуриш қисмида ижро этиш;
  • қонунлар ва Президент қарорларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Мансабдор шахсларнинг қарорлари ва хатти-ҳаракатларидан норози бўлган тақдирда мулкдор судга шикоят қилиши мумкин. Судга шикоят қилиш тартиби ушбу мақолада батафсил ёритилган.

Chat