Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Турар жойларни сақлашда йўл қўйилмайдиган ҳолатлар
  • агар тегишли ҳокимликнинг рухсати бўлмаса, уй атрофидаги ерларнинг йўлкаларида палаткалар, дўкончалар ўрнатиш;
  • уйларнинг олд томонида, деворлар ва бунинг учун мўлжалланмаган бошқа жойларда афишалар, плакатлар, ҳар хил эълонларни осиб қўйиш;
  • кирлар, кийим-кечак ва бошқа уй буюмларини бўш ер майдонлари ёки ҳовлининг кўчага чиқадиган очиқ жойларида осиб қўйиш;
  • ўзбошимчалик билан, тегишли рухсатсиз ҳовлида ҳар хил қурилмалар (гараж, сарой, деворлар ва ҳоказолар)ни қуриш;
  • ҳовли ичига металл чиқиндилари, қурилиш ахлати, бошқа чиқиндилар уйиб ташлаш (ўт ўчириш йўлакларини сақлаб қолиш ва турар жой деразаларини қоронғилаштирмаслик шарти билан бинокорлик материаллари ва ўтин тахлаб қўйиш бунга кирмайди);
  • ҳовлига маиший чиқиндиларни тўкиш, чиқариб ташлаш, кўмиш ёки куйдириш;
  • уйлар ва бошқа иморатларнинг деворларига тегишли рухсатсиз ҳар хил чўзгичлар, кўрсатиш белгилари, лавҳалар, байроқ ўрнатгичлар, меъморчилик қисмлари ва бошқа мосламаларни ўрнатиш;
  • кўкаламзорлаштириш ишларига мутасадди бўлган коммунал хизмат кўрсатиш органларининг рухсатисиз дарахт ва кўчатларни ўтқазиш, жойдан жойга кўчириш ёки кесиб ташлаш;
  • тузатиш-фойдаланиш ташкилотининг рухсатисиз уй атрофидаги ерларни ковлаш;
  • кўп квартирали уй-жойларнинг уйларида мол, шунингдек одамлар соғлиги учун хавфли ҳайвонларни сақлаш;
  • уйлар, бинолар, иншоотларни ўзбошимчалик билан қайта қуриш, қайта режалаштириш, шунингдек кўп қаватли уйлар, бинолар ва иншоотларга туташиб кетган ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморат қуриш ёхуд уларнинг ташқи кўринишини фойдаланиш кўрсаткичларини ва биноларнинг зилзилага чидамлилигини пасайтирувчи ҳамда бошқа шахсларнинг яшаши ёки фаолияти учун ноқулайлик яратувчи тарзда бошқача ўзгартириш.

Уй атрофидаги ерлардан фойдаланишдаги тақиқлар
  • ҳар хил тўсиқлар билан ўраб олиш;
  • полиз экинлари экиш;
  • боғ, автомашиналар ва бошқа транспорт воситаларини ювиш жойини барпо этиш;
  • бензин ва мой тўкиш;
  • сигналлар, тормозлар ва двигателлар созлаш.

Турар жойдан фойдаланиш билан боғлиқ тақиқланган ҳолатлар
  • балкон, лоджия, даҳлиз, йўлак, зина майдончалари ва эҳтиёт чиқиш жойларини нарсалар билан уйиб ташлаш, уларда ҳайвонлар, қушлар, асалари сақлаш, экранларидан юқорида кир ёйиш, гиламлар осиш;
  • радиаторларнинг монтаж бошқарувларини бузиш ва марказлаштирилган иситиш тизимидан иссиқ сув олиш, радиаторлар, газ жиҳозлари, электр ўтказгичларнинг ўрнини тузатиш-фойдаланиш ташкилотининг рухсатисиз ўзгартириш;
  • унитаз ва раковиналарни ошхона чиқиндилари, латталар ва бошқа нарсалар билан ифлос қилиш;
  • ўт ўчириш нарвонлари, буюмлари ва жиҳозларига яқинлашиш йўлларига нарсалар қўйиб ташлаш;
  • квартира, йўлак, чердак ва ертўлаларда хонага шикаст етказувчи ва истиқомат қилувчиларнинг тинчлиги ва нормал турмуш шароитларини бузувчи ишларни қилиш;
  • тузатиш-фойдаланиш ташкилотининг рухсатисиз уйларнинг томларида радиоприемник ва телевизорларнинг антенналарини ўрнатиш;
  • ёнғин назорати органларининг рухсатисиз вақтинчалик печларни ўрнатиш ҳамда носоз печлардан фойдаланиш.

Турар жойни ижарага олувчи ва берувчилар квартирадаги ўзлари эгаллаб турган жойларни ва қўшимча хоналарни мунтазам равишда (ҳар 4-5 йилда) ўз ҳисобларидан жорий тузатишлари керак.

Ўз ҳисобидан жорий тузатиш
  • шифтларни оқлаш ёки бўяш;
  • деворларни оқлаш, бўяш ёки уларга гулқоғоз ёпиштириш;
  • ташқи ромларни ички томондан ва деразаларнинг оралиқ ромларини бўяш;
  • ойна қўйиш;
  • тирқишларни замазкалар билан тўлдириш ёки штапиклар қоқиш;
  • квартирадаги турар жойлар ва ёрдамчи хоналарнинг поллари ва эшикларини бўяш;
  • паркет полларни пардозлаш, ишқалаш ёки локлаш;
  • радиаторлар, марказий иситиш, сув таъминоти қувурларини ва квартира ичидаги бошқа қувурларни ҳамда печларнинг металл ғилофларини бўяш;
  • электр ўтказгичларни, шу жумладан, ўрнатиш арматуралари, (включателлар, штепсель розеткалари, патронлар ва ҳоказоларни тузатиш ҳамда, агар сувоқларга шикаст етказилмаса, квартирага кирадиган симларни алмаштириш;
  • санитария-техника жиҳозлари ва асбоблари (сув тақсимлаш кранлари, аралаштиргичлар, унитазлар, сув тўкиш бочоклари, ошхона ювувчиси, бет-қўл ювгич, газ плиталари, сув иситиш колонийлари ва ҳоказоларни алмаштириш;
  • агар тузатиш эҳтиёжи норматив эскириш оқибатида пайдо бўлмаган бўлса, айрим тахталарни ва линолеум қопламаларнинг бир қисмини алмаштирган ҳолда эшик ва деразаларни, полларни тузатиш;
  • деразалар ва эшикларнинг приборларини алмаштириш;
  • ҳар йили иситиш мавсуми бошлангунча ўзи яшаб турган жойнинг деразалари, кириш ва балкон эшикларини совуқ ўтмайдиган қилиш.

Юқоридаги тузатиш ишлари ижарага олувчи ва берувчилар томонидан тўланадиган ҳақ эвазига тузатиш-фойдаланиш корхоналари томонидан амалга оширилиши мумкин

Турар жойларда ит-мушук сақлаш
  • Санитария-гигиена ва ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилиш итлар ва мушукларни сақлашнинг мажбурий шарти ҳисобланади.
  • Кўп қаватли уйларда қўшниларнинг ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг розилиги билан биттадан ортиқ бўлмаган итни ва битта мушукни сақлашга рухсат берилади.
  • Алоҳида уйда итларни сақлашга фақат боғланган ҳолда, эркин сайр қилдиришда - атрофи ўралган ҳудудда ажратилган ҳолда сақлашга йўл қўйилади.
  • Турар жой биноларида итларнинг эгалари эрталаб соат 8.00 гача ва кечқурун 22.00 дан кейин итларнинг вовиллашининг олдини олишлари керак
  • Итлар ва мушукларни умумий фойдаланиладиган жойларда: зинапоя майдончалари, чердаклар, ертўлаларда, шунингдек ошхоналар, балконлар ва умумфойдаланишдаги пешайвонларда сақлаш тақиқланади.
  • Аҳоли пунктларида итлар рўйхатга олиниши ва ҳар йили қайта рўйхатдан ўтказилиши шарт. Бу тегишли ветеринария бўлимлари томонидан амалга оширилади.

Барча итлар, зарур ҳолларда эса улар билан бирга сақланадиган бошқа қутуришга мойил ҳайвонлар ҳам қутуришга қарши эмлаш вакцинаси билан профилактик эмланиши шарт.

Турар жойдаги тартиб
  • Турар жой эгалари ва ижарачилар ўзлари эгаллаб турган хоналарнинг техникавий ва санитария ҳолатини кузатиш ҳамда тузатиш ишларини ўтказиш учун тузатиш-фойдаланиш ташкилотининг (газ, электр, сув ва ҳоказо) ходимларини белгиланган намунадаги шахсий гувоҳномаларини кўрсатганларидан кейин қўйишга мажбурдирлар.
  • Уй-жой мулкдори бўлмаган пайтда уйга кириш ички ишлар органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирокида тегишли тузатиш-фойдаланиш ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
  • Турар жойларда магнитофонлар ва телевизорлар ва ҳар хил баланд товуш чиқарувчилардан фойдаланишга соат 23.00 дан бошлаб эрталаб соат 7.00 гача қўшниларнинг осойишталигини бузмайдиган даражада паст товушда қўйиш шарти билан йўл қўйилади.

Турар жойда яшовчилар турар жойдан чиқиб кетаётиб телевизор, кондиционер, электр ва газ асбоблари ва ҳокозо (совутгичлардан ташқари)ни ўчиришлари ҳамда сув ва газ келадиган жўмракларни беркитишлари керак.

Chat