Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Эгасиз турар жойларни аниқлаш билан боғлиқ ишлар туман ҳокимлиги томонидан амалга оширилади.

6 ойдан кўпроқ бўш турган, ҳеч ким яшамайдиган ҳамда қуйидаги ҳолатлар мавжуд уй-жойлар эгасиз деб ҳисобланади:

  • бўш турган ушбу давр учун коммунал хизматлар ҳақи ва турар жойни сақлаш учун харажатлар бўйича қарзлар мавжудлиги.
  • турар жойнинг бутунлиги ва сақланиши таъминланмаганлиги, бунинг оқибатида турар жойнинг бузилишига ва унга учинчи шахсларнинг кириш уринишларига йўл қўйилганлиги.

Турар жойларни қуйидаги ҳолларда эгасиз деб топиб ҳисобга олишга йўл қўйилмайди:

  • турар жой эгаси озодликдан маҳрум этиш жойларида жазони ўтаётганда;
  • турар жой эгаси даволаниш, ўқиш, меҳнат фаолияти муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетганда;
  • турар жой эгаси Қуролли Кучлар сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганда;
  • турар жой эгаси Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида узоқ муддат даволанаётганда.

Эгасиз турар жойлар ҳисобга қўйилган кундан бошлаб уч йиллик муддат тугагандан кейин суд қарорига асосан давлат мулкига ўтказилади.

Chat