Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Ўзбошимчалик билан қурилган ва мулк ҳуқуқи мавжуд бўлмаган турар жойларга бўлган мулк ҳуқуқини 2019 йилнинг 1 майига қадар давлат рўйхатидан ўтказиш мумкин.

Бунинг учун исталган Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш лозим (манзил ва телефон рақамлари ушбу мақолада кўрсатилган).

Талаб этиладиган ҳужжатлар.
  • мурожаат этувчининг паспорти нусхаси;
  • мурожаат этувчининг оила аъзолари ҳақида ҳамда ер участкасига эгалик қилган муддатлари ва иморат қурилган вақт тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномалари.

Фуқародан бошқа маълумот ва ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этилганда 1 115 000,00 сўм миқдоридаги бир марталик йиғим ундирилади.

Йиғим белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда давлат хизматини кўрсатиш йиғим тўлангунга қадар тўхтатиб турилади.


Қуйидаги ҳолларда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилади:

  • эгаллаб олинган ер участкалари, қурилган иморатлар бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузмаса ёки фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса;
  • ер участкаларида қурилган объектлар мулкдори бўлмаган, лекин ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб жисмоний шахслар томонидан фойдаланилаётган иморатлар ва ер участкасига;
  • кўчмас мулк объектларига эгалик ҳуқуқи мавжуд жисмоний шахслар томонидан ўзи яшаб турган ер участкасига ўзбошимчалик билан қурилган қўшимча иморатларига;
  • жисмоний шахслар томонидан «Ер тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши, яъни 1990 йил 20 июнга қадар якка тартибда уй-жой қуриш, шахсий ёрдамчи хўжалик юритиш учун фойдаланиб келаётган иморатлар ва ер участкасига ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатлар сақлаб қолинмаган бўлса;
  • ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган иморатлар деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжалик юритиш учун фойдаланилаётган бўлса, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунининг 8-моддасида белгиланган меъёрлар доирасида мулк ҳуқуқи эътироф этилади.

Қуйидаги ҳолларда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди:

  • аҳоли пунктларининг бош режалари ва бошқа ҳужжатлар зид равишда жойлашган иморатларга;
  • магистрал қувурлар, темир йўл ва автомобиль йўллари, электр қуввати узатиш ва алоқа линиялари қўриқланадиган муҳофаза зоналари, сув муҳофазаси ва санитария-ҳимоя зоналарида, шунингдек аэродромлар ҳамда чиқиндилар ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари яқинида жойлашган иморатларга;
  • қурилиши тақиқланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ҳамда табиий хавфи юқори бўлган ҳудудда жойлашган иморатларга;
  • ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасида қурилган иморатлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузиб қурилган бўлса, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин эмас деб топилганда, фуқаро тегишли тартибда хабардор қилинади.

Chat