
Уй-жой фонди – инсон яшаши учун яроқли бўлган турар жойдан, шу жумладан уйлар, квартиралар, хизмат турар жойлари, махсус уйлардан (ётоқхоналар, вақтинчалик уй-жой фонди уйлари, ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уйлар, шунингдек болалар уйлари ва бошқа махсус мақсадли уйлардан) иборат бўлган фонд.
Уйларда жойлашган савдо, маиший ва носаноат йўналишидаги ўзга эҳтиёжларга мўлжалланган, яшаш учун мўлжалланмаган жойлар уй-жой фондига кирмайди.
Уй-жой фонди таркиби
- уйлар;
- квартиралар;
- хизмат турар жойлари;
- ётоқхоналар;
- вақтинчалик уй-жой фонди уйлари;
- ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уйлар;
- болалар уйлар;
- бошқа махсус мақсадли уйлар.
Уй-жой фонди қуйидагилардан иборат:
хусусий уй-жой фондлари
- якка тартибда қурилган уйлар;
- хусусийлаштирилган квартиралар ва уйлар;
- қурилган квартиралар ва уйлар;
- сотиб олинган квартиралар ва уйлар;
- хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, кооперативлар, жамоат бирлашмалари, жамоат фондлари ҳамда бошқа нодавлат юридик шахсларнинг мулки бўлган ва уларнинг маблағлари ҳисобидан қурилган уйлар.
давлат уй-жой фондлари
- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлган муниципал уй-жой фонди;
- давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига тегишли бўлган идоравий уй-жой фонди;
- ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган, кам таъминланган фуқаролар учун хусусийлаштириш ҳуқуқисиз, ижара шартлари асосида фойдаланишга берилган аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди.
Турар жойларни уй-жой фондига киритиш
Уйлар ва турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқининг кадастр идоралари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши уларнинг уй-жой фондига киритилганлигининг тасдиғи ҳисобланади.
Турар жойларни уй-жой фондидан чиқариш
Қуйидаги ҳолларда уйлар ва турар жойлар уй-жой фондидан чиқарилади:
- авария ёки яшаш учун яроқсиз бўлган ҳолларда;
- давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилганда;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимлари қарорига кўра яшаш учун мўлжалланмаган жойларга ўтказилганда.