Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Келишув битими      

Келишув битими - ўзаро келишишга асосланган ва низони ҳал қилиш юзасидан тарафларнинг ёзма келишуви ҳисобланади.

Келишув битими даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Келишув битими фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида тарафлар томонидан тузилиши мумкин.

Келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади.

Келишув битимини расмийлаштириш    

Келишув битими ёзма шаклда тузилади ва келишув битимини тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.

  • Келишув битимида мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари кўрсатилиши керак.
  • Келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин.
  • Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, умумий тартибда ҳал этади.

Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта ортиқ нусхада тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади.

Солиқ қарздорлигини ундириш бўйича келишув битими тузишга йўл қўйилмаслиги   

Солиқ идораларининг юридик шахсларнинг солиқ қарзларини ундиришни уларнинг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги аризалари асосида иқтисодий судларда ишлар кўриб чиқилади.

Солиқ идораларига бундай аризалар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган бўлса-да, ўз ихтиёри билан ушбу қарзларни ундириш бўйича (масалан, қарзни тўлаш муддатини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва ҳ.к) солиқ тўловчилар билан келишув битимини тузиш ваколати берилмаган.

Суд жараёнининг ҳар қандай босқичида келишув битимини тузиш мумкин        

Иқтисодий суд ишини юритишда:

  • Тарафлар суд муҳокамаси давомида келишув битими тузиш истагини билдирган ҳолда, суд тарафларга ушбу суд мажлисида келишув битими тузишни таклиф этиши ёки тарафлар келишув битими шартларини ишлаб чиқишлари учун уларга имконият берган ҳолда, ишни кўришни бошқа муддатга қолдиришга ҳақлидир.
  • Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала суд мажлисида кўриб чиқилади. Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида қонунга мувофиқ хабардор қилинади.

Фуқаролик суди ишини юритишда:

  • Тарафларни яраштириш фуқаролик суд ишларини юритишнинг барча босқичларида амалга оширилиши мумкинлигини инобатга олиб, судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш босқичида тарафларга келишув битимини тузиш орқали низони ўзаро тўлиқ ёки қисман ҳал этишлари мумкинлиги ва келишув битими тузиш афзалликлари ва оқибатларини тушунтириши лозим.
 

Chat