Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Низоларни ҳакамлик судларида ҳал қилиш афзалликлари
  • тарафларда судьяни мустақил танлаш имконияти мавжуд. Тарафлар судьяни  доимий фаолият кўрсатадиган ҳакамлик судларида уни ташкил этган юридик шахс тасдиқлаган рўйхатдаги ҳакамлик судьялари орасидан танлашлари мумкин бўлади. Муваққат ҳакамлик суди судьясини эса ҳакамлик битими тарафлари ўзаро келишув асосида танлайдилар;
  • низолар битта инстанцияда ҳал этилади. Ҳакамлик судлари қандайдир бир тизимни ташкил этмайди ва бир-бирига бўйсунмайди, яъни ҳакамлик судининг юқори турувчи инстанцияси мавжуд эмас.
  • иш кўриш қисқа муддатларда амалга оширилади. “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонунда ҳакамлик судида низони кўриб чиқиш муддати белгиланмаган. Мазкур муддат тарафлар ўртасида тузиладиган ҳакамлик битимида ёки доимий фаолият кўрсатадиган ҳакамлик судларининг регламентида кўрсатилади;
  • ҳакамлик суди харажатлари низоларни ва фуқаролик ишлари бўйича судларида кўриш ва ҳал этиш учун кетадиган суд харажатларидан бир неча бор кам ва ҳакамлик судларига тақдим этилган даъво аризаларидан давлат божи ундирилмайди;
  • ҳакамлик суди муҳокамаси махфий ва ошкор қилиниши мумкин эмас. Ҳакамлик судьяси ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ёки уларнинг ҳуқуқий ворислари розилигисиз ошкор қилишга ҳақли бўлмайди;
  • ҳакамлик муҳокамаси тарафларнинг келишувига мувофиқ белгиланади. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг низоми ва регламентида суд муҳокамаси тарафлар ва суд учун қулай бўлган жойда ўтказилиши белгилаб қўйилади.
  •  ҳакамлик судлари фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни ҳал этади.
  •  асосий мақсад тарафларнинг келишувига йўналтирилади ҳамда тарафлар ўртасидаги ҳамкорлик сақлаб қолинади;
  •  томонлар жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилмайди;
  •  ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради;
  •  иқтисодий судлар ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳакамлик суди  томонидан аниқланган ҳолатларни текширишга ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас;
  •  ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда, уни тегишли тартибда мажбурий ижрога қаратиш қонун билан кафолатланган.

Ҳакамлик суди турлари:

  • Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди    

    Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди юридик шахс томонидан ташкил этилиши мумкин ва унинг ҳузурида фаолият кўрсатади.

    Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди юридик шахс доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилганида, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидаларини ва ҳакамлик судьялари рўйхатини тасдиқлаганида ташкил этилган деб ҳисобланади.

    Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс унинг ташкил этилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаларини ҳакамлик суди жойлашган ердаги адлия органига юборади.

  • Муваққат ҳакамлик суди   

    Муваққат ҳакамлик суди ҳакамлик битими тарафлари ўртасида келиб чиққан муайян низони ҳал этиш учун улар томонидан ташкил этилиб, низо кўриб чиқилганидан кейин муваққат ҳакамлик суди ўз фаолиятини тугатади.

    Ҳакамлик судида раислик қилувчи (низо ҳайъатда кўриб чиқилаётганда) ёхуд ҳакамлик судьяси (низо якка тартибда кўриб чиқилаётганда) ҳакамлик битими нусхасини ва муваққат ҳакамлик суди ташкил этилганлиги тўғрисидаги хабарномани мазкур суд жойлашган ердаги адлия органига ҳакамлик муҳокамаси бошлангунига қадар юборади.

    Муваққат ҳакамлик судини ташкил этиш тартиби ҳакамлик битими тарафлари томонидан белгиланади.

Ҳакамлик суди томонидан ҳал этиладиган низолар     

Ҳакамлик судлари фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни ҳал этади.

Ҳакамлик судлари маъмурий, оила ва меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа низоларни ҳал этмайди.

Доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судлари реестри

Норматив ҳужжатлар

Chat