Ҳуқуқий ахборот портали

Ижро ҳаракатларини амалга ошириш вақтлари   

Ижро ҳаракатлари иш кунларида соат 8.00 дан 22.00 гача амалга оширилади.

Ижро ҳаракатларининг аниқ вақтини давлат ижрочиси белгилайди.

Тарафлар ўзлари учун қулай вақтни таклиф этишга ҳақли.

Ижро ҳаракатлари сутканинг бошқа вақтида, дам олиш ва байрам кунларида амалга оширилиши мумкин. Бунга кечиктириб бўлмайдиган ёки қарздорнинг айбига кўра уларни бошқа вақтда амалга ошириш мумкин бўлмаган холатлар асос бўлади.

Қарздорликни мажбурий ундириш муддатлари    

Ижро ҳаракатлари ихтиёрий ижро этиш муддати тугагандан бошлаб, икки ой ичида давлат ижрочиси томонидан амалга оширилиши керак.
Ижро ҳужжатларининг қуйидаги талаблари дарҳол ижро этилади:

  • алиментлар ҳамда уч ойгача бўлган иш ҳақини ундириш тўғрисидаги талаблар;
  • ғайриқонуний меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки бошқа ишга ўтказилган ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги, меҳнат шартномасини бекор қилиш асосини ўзгартириш тўғрисидаги талаблар;
  • ижро ҳужжатида назарда тутилган бошқа талаблар.

Ижро ҳужжатларини ижрога топшириш муддатлари    
  1. суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари уч йил мобайнида, иқтисодий судларнинг суд ҳужжатлари эса — олти ой мобайнида;
  2. ҳакамлик судининг қарорларини мажбурий ижро этиш тўғрисидаги суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари — олти ой мобайнида;
  3. нотариусларнинг ижро хатлари — уч йил мобайнида;
  4. меҳнат низолари комиссияларининг гувоҳномалари — уч ой мобайнида;
  5. ишларни маъмурий тартибда кўриш ваколатига эга органларнинг (мансабдор шахсларнинг) қарорлари — уч ой мобайнида.

Ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддати у ижрога топширилганда ёки ижро ҳужжатини қарздор қисман бажарганда узилади.
Бунда муддатнинг ўтиш даври янгидан бошланади. Ижро ҳужжатини бажариш имконияти бўлмай, ундирувчига қайтарилганда, уни ижрога топшириш муддати мана шу кундан бошлаб ҳисобланади.

Ижро ишини тўхтатиб туриш муддатлари   
  1. қарздор вафот этганда, бедарак йўқолган, муомалага лаёқатсиз деб топилганда — қарздорнинг ҳуқуқий ворислари аниқлангунига, бедарак йўқолганнинг мол-мулки суд томонидан ишончли бошқарувчига топширилгунига ёки муомалага лаёқатсиз қарздорга ҳомий тайинлангунига қадар;
  2. қарздорнинг банкротлиги тўғрисидаги иш бўйича иқтисодий суд томонидан иш юритиш қўзғатилганда —бу  бўйича қарор қабул қилингунига қадар;
  3. ундирувчи ёки қарздор муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганда, қарздор касал бўлиб қолганда, хизмат сафарида бўлганда ёхуд қарздор, унинг мол-мулки ёки олиб қўйилиши лозим бўлган бола қидирилаётганда, — муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилгунига ёки даволаш муассасасидан чиққунига, хизмат сафаридан қайтгунига ёки қарздор, унинг мол-мулки ёки олиб қўйилиши лозим бўлган бола қидириб топилгунига қадар;
  4. тарафлар ижро ҳаракатлари, ижро ҳужжати юзасидан низолашилаётганда — масала кўриб чиқилгунига қадар;
  5. давлат ижрочисининг ҳаракатлари устидан шикоят берилганда — шикоят кўриб чиқилгунига қадар.

Бошқа ҳолларда ҳам тўхтатиб турилиши мумкин.
Ижро иши юритиш тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф қилинганидан кейин тикланади.

Мажбурий ижро иши юритишни тугатиш   

Суд томонидан:

  1. ундирувчи ёки қарздор вафот этганда, бедарак йўқолган деб топилганда, агар ижро ҳужжатини бажариш ҳуқуқий ворисга ёки ишончли бошқарувчига ўтиши мумкин бўлмаса;
  2. муайян ҳаракатларни амалга ошириш талаби қўйилган ижро ҳужжатини ижро этиш имконияти йўқолганда.

Давлат ижрочиси томонидан:

  1. ундирувчи ундирувдан воз кечганда, агар воз кечиш суд томонидан қабул қилинган бўлса;
  2. ундирувчи ва қарздор ўртасида суд томонидан тасдиқланган келишув битими тузилганда;
  3. жаримани бошқа жазо турига алмаштириш ёхуд жаримадан озод қилиш тўғрисида суд томонидан ажрим чиқарилганда;
  4. ижро ҳужжати, суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда.

 

Шаблон ва шакллар намуналари

Ариза, шикоят ва бошқа мурожаатлар намуналари

Chat