Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Овердрафт кредити – банк пластик карточкаси сақловчисига товарлар (ишлар, хизматлар) учун тўловларни амалга оширишда банк пластик карточкаси ҳисобварағидаги қолдиқ маблағдан ортиқ миқдордаги маблағни сарфлаш ҳуқуқини берувчи кредитлашнинг қисқа муддатли шакли.

Овердрафт кредити фақатгина иш ҳақи ёки пенсия тўловлари ўтказиладиган пластик картага тақдим этилади.

Овердрафт кредитини олиш учун банк ва жисмоний шахс (мижоз) ўртасида овердрафт шартномаси тузилади.

Овердрафт шартномасини тузиш учун мижоз тижорат банкига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • овердрафт кредитини олиш учун ариза;
  • паспорт нусхаси;
  • даромадлар тўғрисидаги маълумотни кўрсатувчи ҳужжат (иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар миқдори ҳақидаги маълумотнома).

Аризани кўриб чиқиш муддати - 3 иш куни.

Овердрафт ўртача ойлик иш ҳақининг (пенсиянинг) 3 баробаригача бўлган миқдорда 12 ойгача бўлган муддатга, овердрафт шартномасига илова қилинган жадвалга мувофиқ босқичма-босқич қайтариш шарти билан берилади.

Овердрафт фоиз ставкаси ҳажми овердрафт шартномасида белгиланади. Фоизлар фақатгина овердрафт бўйича ишлатилган маблағ учун ва ишлатилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Қарздорнинг банк пластик картасига иш ҳақи, пенсия ёки бошқа маблағлар ҳисобига ўтказилганда, овердрафт суммаси автоматик равишда қайтарилади.

Овердрафт ва унга ҳисобланган фоизлар ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда тижорат банки кредитлашни тўхтатади.


Кредитлаш бўйича қўшимча маълумотни банкларнинг ҳудудий филиалларида, шунингдек, уларнинг веб-сайтларидан олиш мумкин.

Chat