Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Таълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун талабаларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига берилади.

Таълим кредитлари бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади.


Таълим кредитлари учун қуйидаги фоиз ставкалари белгиланади:

чин етимларга, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига – ноль фоиз ставкаси ;

талабаларнинг қолган тоифаларига — Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан кўп бўлмаган миқдорда.

Кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит бўйича фоизларнинг 50 фоизи Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўланади. Бунинг учун туман Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш лозим.

Таълим кредитлари, қоида тариқасида, қарз олувчининг (талаба, ота-она ёки васий) яшаш жойида жойлашган банк филиаллари томонидан берилади.

Таълим кредитини олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) паспорт (банк томонидан нусха кўчирилади ва асл нусхаси қайтарилади);

б) таълим кредитини олиш учун ариза;

в) талаба ва олий таълим муассасаси ўртасида тузилган тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартнома (контракт);

г) кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат (масалан, жисмоний ёки юридик шахсларнинг кафолати, мол-мулк ёки қимматли қоғозлар гарови, кредитнинг қайтарилмаслиги хавфини суғурталаш ҳақидаги суғурта полиси);

д) имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, кам таъминланган оилалардан чиққанлар тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим этишади.

Chat