Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас – ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Мазкур кредит тури оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзанд(лар)ини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга берилади.

Давлат дастури доирасида шаҳарлардан арзон квартиралар ва қишлоқ жойларидан бир қаватли уйлар ипотека кредити асосида берилади.

Яшаш шароитларига яхшилашга муҳтож аёллар учун квартираларни белгилаш туман (шаҳар) ҳокимиятларида ташкил этилган ҳудудий комиссиялар томонидан амалга оширилади.


Арзон турар жойни сотиб олиш учун уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган талабгор қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:


Биринчи босқич. Талабгор қуйидаги ҳужжатларни ҳудудий комиссияга тақдим этади:

а) ариза;

б) талабгорнинг молиявий аҳволини тасдиқловчи ҳужжатлар;

в) аризачининг уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Ҳудудий комиссия ижобий қарор қабул қилганда, аризачига икки нусхада тавсиялар берилади ва ҳужжатлар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига кредит учун олдиндан тўловни шакллантириш учун юборилади.

Ипотека кредитининг 25 фоиз миқдоридаги дастлабки тўлови Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва бошқа манбалар ҳисобидан тўланади.


Иккинчи босқич. Талабгор инжиниринг компаниясининг филиалига (“Қишлоқ қурилиш инвест” ёки “Ўзшаҳар қурилиш инвест”) ҳудудий комиссиянинг тавсияси ва ариза билан мурожаат қилади. Инжиниринг компания филиали аризани кўриб чиқиш якуни бўйича талабгор билан дастлабки келишувни тузади.


Учинчи босқич. Талабгор Давлат дастурида иштирок этаётган банкнинг филиалига мурожаат қилади.

Арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича Давлат дастурида қуйидаги банклар қатнашадилар:

АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки;

Ипотека банк” АТИБ;

АТ “Халқ банки”;

“Асака” банк АТБ;

Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ.


Талабгор томонидан имтиёзли ипотека кредитини олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1) ипотека кредити олиш учун ариза;

2) қарз олувчининг (биргаликда қарздорларнинг) паспорт нусхаси;

3) ҳудудий комиссиянинг ёзма тавсияси;

4) оила таркиби ҳақидаги яшаш жойидан маълумотнома;

5) қарз олувчининг (биргаликда қарздорларнинг) молиявий аҳволини тасдиқловчи ҳужжатлар;

6) қарз олувчининг номига очилган омонат ҳисоб рақамида пул маблағлари (дастлабки тўлов) жойлаштирилгани тўғрисидаги банк маълумотномаси;

7) инжиниринг компанияси билан тузилган дастлабки шартноманинг нусхаси.


Ипотека кредитининг муддати уч йиллик имтиёзли давр билан 15 йилни ташкил қилади (асосий қарзни қайтариш имтиёзли давр тугаган ойдан кейин бошланади).

Кредитнинг фоиз ставкаси дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ва қолган 10 йил учун Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси миқдорида белгиланади.

Аризани кўриб чиқиш муддати - 15 банк куни.

Ижобий қарор қабул қилинганда банк ва қарз олувчи ўртасида ипотека шартномаси тузилади.

Агар банк ипотека кредитини беришдан воз кечса, талабгор келгуси йилда банкка тегишли ариза тақдим этиш ҳуқуқига эга.



Марказий банк ишонч телефони

Хотин-қизлар қўмитаси ишонч телефони

Бош вазир ўринбосари - Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси виртуал қабулхонаси

Марказий банк раисининг виртуал қабулхонаси

Норматив ҳужжатлар

Chat