Ҳуқуқий ахборотни биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

  • 884 марта ўқилди

Ушбу мақола ёш оилаларга имтиёзли асосда уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредити олиш тартибига бағишланган.

Ипотека кредитлари тижорат банклари томонидан қайтариш, пуллик, таъминланганлик ва тезкорлик шартлари асосида берилади.

Ёш оила - эр-хотиннинг иккиси ҳам 30 ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган 30 ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл).

Банклар томонидан ёш оилалар учун ипотека кредитлари фоиз ставкалари Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан ошмайдиган миқдорда, 15 йилдан кам бўлмаган муддатга берилади. Бундан ташқари, уч йиллик имтиёзли давр ҳам берилиб, унга кўра асосий қарзни қайтариш имтиёзли давр тугаган ойнинг кейинги ойидан бошланади.

Ёш оилаларга бериладиган ипотека кредитининг ҳажми қуйидача:

якка тартибдаги уй-жой сотиб олиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 3000 баробаригача (669 000 000,00 сум);

кўп қаватли уйдан квартира сотиб олиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 2500 баробаригача (557 500 000,00 сум).

Ипотека кредити олиш учун ариза берувчи уй-жой қийматининг камида 25 фоизига тенг миқдордаги маблағларга эга бўлиши керак. Ушбу маблағлар қарз олувчининг номига очиладиган депозит ҳисобварағига жойлаштирилади.

Юридик шахслар - ёш оила аъзолари (турмуш ўртоғи)нинг иш берувчилари банкка олдиндан тўловни амалга оширишлари мумкин.


Якка тартибдаги уй-жойни ёки квартирани сотиб олиш мақсадида ипотека кредитини олиш учун ариза берувчи банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

1) сўралаётган кредит суммаси кўрсатилган ҳолда кредит олишга буюртманома;

2) сотиладиган якка тартибдаги уй-жойнинг ёки квартиранинг олди-сотдиси тўғрисидаги дастлабки шартнома, уй-жойга ёки квартирага эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхасини илова қилган ҳолда;

3) ариза берувчининг ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг даромадлари тўғрисида охирги 12 ой учун иш жойидан (доимий иш жойи мавжуд бўлганда) берилган маълумотномалар ёки ариза берувчининг ва унинг оила аъзоларининг охирги 12 ой учун даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг уларнинг яшаш жойидаги давлат солиқ органи томонидан тасдиқланган нусхалари;

4) қарз олувчининг номига очилган омонат ҳисоб рақамида пул маблағлари (дастлабки тўлов) жойлаштирилгани тўғрисидаги банк маълумотномаси;

5) ариза берувчининг оиласи таркиби тўғрисида яшаш жойидан берилган маълумотнома;

6) аризачининг паспорти нусхаси.


Ипотека кредити олиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан 30 иш кунидан ошмаслиги керак.

Ипотека шартномаси банк ва қарз олувчи ўртасида тузилади.


Кредит олишда қарз олувчи қуйидаги харажатларни қоплаши керак:

ипотека шартномасини нотариал тасдиқлаш учун давлат божини тўлаш;

гаровга қўйилган кўчмас мулкни суғурталаш билан боғлиқ харажатлар;

мулкнинг қийматини аниқлаш бўйича баҳоловчи ташкилот хизматларига ҳақ тўлаш.


Кредитлаш бўйича қўшимча маълумотни банкларнинг ҳудудий филиалларида, шунингдек, уларнинг веб-сайтларидан олиш мумкин.

Бошқа тегишли мақолалар

Кредит ҳақида маълумот

Chat