Ҳуқуқий ахборот портали

Ушбу мақола уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитини олиш тартибига бағишланган. Уй-жой қуриш учун ипотека кредити олиш тартиби тўғрисида маълумот олиш учун мазкур ҳаволага ўтинг.

Ипотека кредитлари тижорат банклари томонидан қайтариш, пуллик, таъминланганлик ва тезкорлик шартлари асосида берилади.

Ипотека кредитининг ҳажми ва муддати, шунингдек унинг фоиз ставкаси банкнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ банк ва қарз олувчи ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади. Бунда ипотека кредити суммаси сотиб олинаётган уй қийматининг 75 фоиздан ошмаслиги керак.

Ипотека кредити олиш учун ариза берувчи уй-жой қийматининг камида 25 фоизига тенг миқдордаги маблағларга эга бўлиши керак. Ушбу маблағлар қарз олувчининг номига очиладиган депозит ҳисобварағига жойлаштирилади.

Ипотека кредитини олиш учун ариза берувчи банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

  • сўралаётган кредит суммаси кўрсатилган ҳолда кредит олишга буюртманома;
  • сотиладиган якка тартибдаги уй-жойнинг ёки квартиранинг олди-сотдиси тўғрисидаги дастлабки шартнома, уй-жойга ёки квартирага эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхасини илова қилган ҳолда;
  • ариза берувчининг ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг даромадлари тўғрисида охирги 12 ой учун иш жойидан (доимий иш жойи мавжуд бўлганда) берилган маълумотномалар ёки ариза берувчининг ва унинг оила аъзоларининг охирги 12 ой учун даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг уларнинг яшаш жойидаги солиқ органи томонидан тасдиқланган нусхалари;
  • қарз олувчининг номига очилган омонат ҳисоб рақамида пул маблағлари (дастлабки тўлов) жойлаштирилгани тўғрисидаги банк маълумотномаси;
  • ариза берувчининг оиласи таркиби тўғрисида яшаш жойидан берилган маълумотнома;
  • ариза берувчининг паспорт нусхаси.

Ипотека кредити олиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан 30 иш кунидан ошмаслиги керак.

Ипотека шартномаси банк ва қарз олувчи ўртасида тузилади.

Кредит олишда қарз олувчи қуйидаги харажатларни қоплаши керак:
  • ипотека шартномасини нотариал тасдиқлаш учун давлат божини тўлаш;
  • гаровга қўйилган кўчмас мулкни суғурталаш билан боғлиқ харажатлар;
  • мулкнинг қийматини аниқлаш бўйича баҳоловчи ташкилот хизматларига ҳақ тўлаш.


Кредитлаш бўйича қўшимча маълумотни банкларнинг ҳудудий филиалларида, шунингдек, уларнинг веб-сайтларидан олиш мумкин.

Chat