Ҳуқуқий ахборот портали

Етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини фойдали нархларда сотиш ишлаб чиқарувчи (фермер ёки деҳқон хўжалиги) учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Чунки маҳсулот сотишдан олинган даромад қилинган харажатларни қоплаб, фойда олиш имконини бериш керак. Акс ҳолда ишлаб чиқарувчи зарар кўриши оддий ҳақиқат.
Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни сотиш йўналишини иккига бўлиш мумкин: биринчиси – давлат буюртмаси бўйича сотиш, иккинчиси – эркин бозорда сотиш.
Ҳар иккала йирик йўналиш ўз навбатида бир нечта кичик йўналишларга бўлиниб кетади.

Бугунги кунда пахта хомашёси (кластерга сотишни ҳам қўшиб ҳисоблаганда) тўлиқ, бошоқли дон ва шолининг бир қисми давлат буюртмаси бўйича сотилади. Бошоқли дон ва шолининг давлат буюртмасидан қолган қисми ишлаб чиқарувчининг тўлиқ тасарруфида қолади ва ушбу маҳсулотларни ҳам фойдали нархларда сотиш мумкин.


Юқорида номлари қайд этилган маҳсулотлардан бошқа маҳсулотларни ўзаро келишилган нархларда шартнома асосида қайта ишловчи, тайёрловчи, воситачи ва бошқа корхоналарга, шунингдек, бозорларда сотиш мумкин. Фақатгина фермер хўжаликлари томонидан бозорларда сотилган маҳсулотлардан олинган пул тушумлари хўжалик кассасига кирим қилиниб, хизмат кўрсатувчи банкка топширилиши керак.

Маҳсулот сотишдаги энг муҳим жиҳат олди-сотти (контрактация) шартномасини тўғри тузилиши ҳисобланади, яъни сотилаётган маҳсулот учун нарх, тўлов шартлари ва муддатлари, тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун сотиб олувчининг жавобгарлиги аниқ белгиланган бўлиши керак.
Маҳсулот қайси йўналишда сотилишидан қатъий назар ишлаб чиқарувчи томонидан ўзи учун қулай ва фойдали шартларда сотилиши лозим. Шу билан биргаликда, давлат буюртмасидан ташқари сотиладиган маҳсулотларни доимий равишда кафолатли сотилишига эришиш учун қайта ишлаш корхоналари, тайёрлов ташкилотлари, шунингдек, бошқа харид қилувчилар (масалан, бюджет ташкилотлари) билан узоқ муддатли келишувлар тузиш орқали ҳам ҳамкорлик қилиш мумкин.

 

Норматив ҳужжатлар

  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги 383-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида НИЗОМ.