Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Васият

Васиятномага оид умумий қоидалар

Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.

Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.

Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли.

Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади.

Шартли васиятнома

Васият қилувчи мероснинг олиниши учун меросхўр хулқ-атворининг хусусиятини қонуний равишда шарт қилиб қўйишга ҳақли.

Меросхўрни тайинлаш ёки ворислик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги фармойишга киритилган ғайриқонуний шартлар ҳақиқий бўлмайди.

Васиятномага киритилган бўлиб, меросхўр ўз саломатлигининг аҳволига кўра ёки бошқа объектив сабаблар туфайли бажара олмайдиган шартлар меросхўрнинг даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Васиятноманинг ёзма шакли

Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим.

Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим.

Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.

Қуйидагилар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаши мумкин эмас:
  • нотариус ёки васиятномани тасдиқловчи бошқа шахс;
  • васиятнома кимнинг фойдасига тузилган ёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри (хотини), болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек васият қилувчининг қонун бўйича меросхўрлари;
  • тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар;
  • саводсизлар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар;
  • ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар.

Қуйидаги васиятномалар ёзма шаклда тузилган ҳисобланади:

  • нотариал тасдиқланган васиятномалар

    Нотариал тасдиқланган васиятнома васият қилувчи томонидан ёзилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим.

    Васият қилувчининг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган васиятномани имзолашдан олдин васият қилувчи унинг матнини нотариус олдида тўлиқ ўқиб чиқиши лозим.

    Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани шахсан ўқий олмаса, васиятноманинг матни васият қилувчига нотариус томонидан ўқиб эшиттирилади, бу ҳақда васиятномада тегишлича қайд этилиб, васият қилувчи васиятномани шахсан ўқий олмаганлигининг сабаблари кўрсатилади.

    Васият қилувчининг хоҳишига кўра васиятнома нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқилмасдан (махфий васиятнома) тасдиқланади.

  • нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномалар
    • касалхоналар, госпиталлар, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки қариялар ва ногиронлар уйларида яшаб турган фуқароларнинг ана шу касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош врачлари, уларнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи врачлари, шунингдек госпиталларнинг бошлиқлари, қариялар ва ногиронлар уйларининг директорлари ёки бош врачлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
    • фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси байроғи остидаги кемаларда сузиб юрган вақтидаги ана шу кемаларнинг капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
    • қидирув экспедициялари ёки шу каби бошқа экспедициялардаги фуқароларнинг ана шу экспедициялар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
    • ҳарбий хизматчиларнинг, нотариуслар бўлмаган ерларда жойлашган ҳарбий қисмларда эса, бу қисмларда ишлаётган ҳарбий бўлмаган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳам ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
    • озодликдан маҳрум этиш жойларида ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
    • нотариус бўлмаган аҳоли пунктларида яшаётган шахсларнинг қонунга мувофиқ нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган васиятномалари.

Васият қилувчи исталган вақтда ўз васиятномасини янги васиятнома тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақли.

Васиятнома васият қилувчи томонидан ёки васият қилувчининг ёзма фармойишига биноан нотариус ёхуд бошқа мансабдор шахслар томонидан унинг барча нусхаларини йўқ қилиб ташлаш йўли билан бекор қилиниши мумкин.

Янги васиятнома тузиш орқали олдин тузилган васиятнома тўлалигича ёки унинг кейинги васиятномага зид бўлган қисми бекор қилинади.

Васият мажбурияти

Васият қилувчи васият бўйича меросхўрнинг зиммасига бир ёки бир неча шахс фойдасига бирон-бир мажбуриятни мерос ҳисобидан бажаришни юклашга ҳақли бўлиб, васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчилар васият мажбурияти бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқини оладилар.

Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчига мерос таркибига кирадиган ашёни мулк қилиб ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ қилиб бериш, мерос таркибига кирмайдиган мол-мулкни унинг учун сотиб олиш ва унга бериш, унинг учун муайян ишни бажариш, унга муайян хизматлар кўрсатиш ва ҳоказолар васият мажбурияти нарсаси бўлиши мумкин.

Васият қилувчи томонидан зиммасига васият мажбуриятини бажариш вазифаси юклатилган меросхўр бу вазифани ўзига ўтган мероснинг мерос қолдирувчи қарзларининг ўзи тўлаши лозим бўлган қисмини чегириб ташлагандан кейин қоладиган ҳақиқий қиймати доирасидагина бажариши лозим.

Васият қилувчи мерос сифатида уй-жой, квартира ёки бошқа турар жойни оладиган меросхўр зиммасига турар жойни ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга умрбод фойдаланиш учун бериб қўйиш мажбуриятини юклашга ҳақли. Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи кейинчалик бошқа шахсга ўтганида ҳам умрбод фойдаланиш ҳуқуқи ўз кучида қолади.

Зиммасига васият мажбурияти юклатилган меросхўр вафот этган ёки у меросни қабул қилиб олмаган тақдирда, васият мажбуриятини бажариш унинг улушини олган бошқа меросхўрларга ёхуд, агар мол-мулк эгасиз бўлиб қолса, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ўтади.

Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи мерос қолдирувчининг қарзлари учун жавобгар бўлмайди.

Меросдан мажбурий улуш олувчилар
  • мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари;
  • мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси.

Ушбу шахслар васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.

Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади.

Меҳнатга қобилиятсиз шахслар
  • мерос очилган кунга келиб 55 ёшга кирган аёллар, 60 ёшга кирган эркаклар;
  • мерос очилган кунга келиб белгиланган тартибда биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлари деб топилган шахслар.

Мажбурият юклаш

Васият қилувчи васият бўйича меросхўр зиммасига бирон-бир ҳаракатни содир этиш ёки содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юклаб, бу мажбуриятни бажаришни кредитор сифатида талаб қилиш ҳуқуқини ҳеч кимга бермаслиги мумкин. Умумий фойдали мақсадни амалга ошириш учун васиятномани ижро этувчининг зиммасига худди шундай мажбурият юклатилиб, бу мажбуриятни бажариш учун мерос қолдирувчи томонидан мол-мулкнинг бир қисми ажратилиши мумкин.

Агар мажбуриятни бажариш зиммасида бўлган меросхўрга тегиши лозим бўлган ёки унга қарашли бўлган мерос улуши бошқа меросхўрга ўтса, мажбуриятни бажариш бекор бўлади.

Chat