Ҳуқуқий ахборот портали

Ломбардлар фуқароларга гаров эвазига қисқа муддатли (3 ойгача) кредитлар беради. Ломбард фуқаролар билан улар томонидан паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат тақдим этганда шартнома имзолайди.

Зарур ҳолларда ломбард гаровга ёки сақлашга берилаётган мулкка ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат ёки бошқа далилларни талаб қилишга ҳақли. Ломбардлар фуқаролардан кўчар мулкни сақлашга қабул қилиб олади.

Ломбард томонидан қабул қилиб олинган мулк эгасига фақатгина ломбардга тўланадиган барча суммалар тўлаб бўлингандан сўнг қайтарилиши мумкин.

Аризаларни кўриб чиқиш ва кредит олиш учун тўловлар ундиришга йўл қўйилмайди.

Ломбард кредит шартномаси муддати давомида гаровга ёки сақлашга берилган мулкдан фойдаланишга ва уни тасарруф этишга ҳақли эмас.

Гаровдаги ёки сақлашга берилган мулкдаги етишмовчилик, унинг йўқотилиши ҳолларида ломбард мулк эгасига мулкнинг баҳолаш қийматини қайтариши лозим.

Гаровдаги ёки сақлашга берилган мулкка зиён етказилганда ломбард мулкдорга мулкий зарар ўрнини қоплаши лозим.

 

Гаров эвазига кредит бериш ломбард ва фуқаро ўртасида тузиладиган кредит шартномаси ва гаров шартномаси асосида амалга оширилади.

Кредит суммаси ва муддати, шунингдек кредит бўйича бериладиган фоиз ставкаси ҳажми томонлар келишувига кўра аниқланади.

Ломбардлар кўрсатадиган хизматлар нархлари ва тарифлари фақат миллий валютада аниқланади.

Кредит олиш учун ломбардга гаровга қўйиладиган мулк қиймати томонлар келишувига кўра баҳоланади.

Ўрнатилган муддатларда кредит суммаси қайтарилмаганда ломбард гаровдаги мулкни сотишга ҳақли.

Шундан сўнг ломбарднинг гаровга қўювчига нисбатан талаблари қопланган бўлади, ҳатто мулкнинг реализациясидан тушган сумма ломбардни тўлиқ қаноатлантирмаса ҳам.

Агар гаровдаги мулкнинг реализациясидан олинган сумма ломбард талабларидан ошиб кетса, қолган сумма гаровга қўйувчига қайтарилади.

Ломбард талабларидан ошган ва 3 йил давомида талаб қилинмаган сумма ломбард ихтиёрида қолади. Мижоз томонидан буюмларни қайтариб олиш рад этилган тақдирда ломбард уларни 3 ой давомида сақлашга мажбур. Ушбу муддат тугагач, талаб қилиб олинмаган буюмлар ломбард томонидан сотувга қўйилиши мумкин.


Ломбардлар рўйхати


Марказий банк ишонч телефони