Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Жамғарма сертификати – бу пул ҳужжати бўлиб, банк омонати суммасини ва ўрнатилган муддат тугагач, омонатчига сертификатни берган банкда омонат суммасини ва унга фоизларни олиш ҳуқуқини тасдиқлайди.

Жамғарма сертификати қимматли қоғоз ҳисобланади.


Сертификатлар олди-сотди, ҳадя, гаров объекти бўлиши, шунингдек корхонанинг устав фондига киритилиши мумкин. Сертификатни товарлар (ишлар, хизматлар)га тўлов сифатида қўллаш мумкин эмас.


Жамғарма сертификатлари миллий валютада чиқарилади. Банк томонидан сертификатнинг ўзгармас фоиз ставкаси ўрнатилади ва унинг амал қилиш муддати давомида ўзгармайди.

Омонатни жойлаштириш 6 ойдан 3 йилгача муддатни ташкил этади.

Жамғарма сертификати билан тасдиқланган омонатга қўшимча маблағлар киритиб борилмайди, омонатни қисман ечиб олиш имконияти мавжуд эмас. Фоизларни тўлаш сертификатни қайтариш учун тақдим этиш билан бир вақтда амалга оширилади. Сертификатни муддатидан олдин қайтарилганда банк “талаб қилиб олингунгача” бўлган омонатлар бўйича ўрнатилган фоизларни тўлайди.

Амал қилиш муддати мобайнида жамғарма сертификати учинчи шахсларга ҳадя қилиниши мумкин. Бунда сертификат бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш сертификатни бу шахс қўлига оддий топшириш йўли билан амалга оширилади, қўшимча шартномалар тузиш ва ҳуқуқни бошқача усулда тасдиқлаш талаб этилмайди.

Сертификат йўқотилганда банк унинг дубликатини беради. Бунинг учун банкка жамғарма сертификати дубликати бериш ва йўқотиш билан боғлиқ ариза билан мурожаат қилиш зарур. Бунда, банкка мурожаат қилинганда сертификат нақд пулга алмаштирилмаган бўлиши керак.



Омонатлар бўйича қўшимча маълумотни банкларнинг ҳудудий филиалларида, шунингдек, уларнинг веб-сайтларидан олиш мумкин.

Chat