Ҳуқуқий ахборот портали

Жамғариб бориладиган омонатлар деб банк омонати шартномасининг маълум шартлари асосида дастлабки омонат суммасига қўшимча маблағ киритиб бориш ҳуқуқи сақланган ҳолда йиғилиб борилувчи омонатларга айтилади.

Жамғариб бориладиган омонатлар бўйича банк ва омонатчи ўртасида банк омонати шартномаси тузилади ва шартнома тузилгандан сўнг омонатчи шартномада келтирилган дастлабки омонат суммасини киритиши лозим бўлади.


Жамғариб бориладиган омонатлар:

мақсадли;

Мақсадли жамғарма омонатлар деб аниқ мақсадлар учун йиғилиб бориладиган ва шу мақсадларга йўналтирилган омонатларга айтилади.

ютуқли;

Ютуқли жамғарма омонатлар деб фоизлари омонатчига ютуқлар кўринишида тўлаб бориладиган омонатларга айтилади. Ютуқлар пул маблағлари, омонатга қўшимча фоизлар, буюмлар кўринишида бўлиши мумкин.

шартли;

Шартли жамғарма омонатлар учинчи шахслар номига очилган омонатлар бўлиб, уларни омонат қўйишда банк омонати шартномасида кўрсатилган шартларни бажаргандан сўнг тасарруф этиш мумкин.

Масалан, “Омонат омонатчи ўқув муассасасини битиргандан сўнг берилади” ёки “Вояга етгач берилади” деган шартлар белгиланиши мумкин. Омонатчининг хоҳиши билан банк омонати шартномасида шартни бажариш муддати кўрсатилиши мумкин. Масалан, “Омонат омонатчи ўқишни тугатгандан кейин 20__йилда берилади”.

 

ва бошқа шартлар ўрнатиш билан бўлиши мумкин.


Банклар томонидан омонатчиларнинг ёзма топшириғи билан жамғарма омонат ҳисоб рақамлари бўйича операциялар амалга оширилиши мумкин. Масалан, банк омонатчининг топшириғи билан унинг жамғарма омонати суммасини ва унга ҳисобланган фоизларни банкдан олинган кредитни ёки коммунал ва бошқа тўловларни тўлашга йўналтириши мумкин.

Агар банк омонати шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, омонатчи банк омонати тугаган муддатдан сўнг жамғарма омонат суммасини талаб қилмаса, шартнома талаб қилиб олингунгача бўлган омонат шартларидаги муддатга узайтирилган ҳисобланади.


Омонатлар бўйича қўшимча маълумотни банкларнинг ҳудудий филиалларида, шунингдек, уларнинг веб-сайтларидан олиш мумкин.